Нукусда 10-сонли республика ихтисослаштирилган “Нурли макон” мактаб-интернати ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ким Брайль дисплейини яхши ўзлаштирди?” мавзусидаги танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган 2023 йилги давлат ижтимоий буюртмаси бўйича 1-танловида “Кўзи ожиз инсонларнинг дунёни ўрганиш имконияти” мавзусидаги лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолиб бўлган эди.
Лойиҳа доирасида Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими томонидан “Нурли макон” мактаб-интернатига 4 дона Брайль дисплейи ускунаси топширилди. Кейин ушбу мактаб-интернатнинг 12 нафар ўқитувчиси тажрибали тренерлар ёрдамида икки ой давомида ўқитилди. Ўз навбатида, ўқитувчилар ўқувчиларга Брайль дисплейида ишлаш кўникмаларини ўргатишди. Мактаб-интернати ўқувчиларининг қизиқишини ошириш мақсадида лойиҳа доирасида “Ким Брайль дисплейини яхши ўзлаштирди?” мавзусида танлов эълон қилинди. Мазкур танлов ўқувчиларда катта қизиқиш ўйғотди.
Танлов якунида мактаб-интернат ўқувчиларидан Камила Ибадуллаева, Шамурат Кеулимжаев биринчи, Гулзода Мирзамуратова, Тозабой Жолдасов иккинчи, Бийбиноз Ўразбоева ҳамда Руслан Нарханов учинчи ўринларни эгаллади.
Ғолиблар ҳамда совринли ўрин эгаларига ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
–Танловни ўтказишдан мақсад кўзи ожиз ўқувчилар учун компьютердан эркин фойдаланиш ҳамда электрон китобларни ўзганинг ёрдамисиз мутолаа қилиш имкониятини яратиш, ижтимоий тармоқлар орқали янгиликлардан хабардор бўлишини таъминлашдан иборат, –дейди Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими раҳбари Гулсара Жоллибекова. –Шунингдек, уларнинг келгусида ўз устида ишлаш орқали олий ўқув юртларига кириш ва илмий ишлар билан шуғулланишини қўллаб-қувватлашдир.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталари ҳамда мактаб–интернат ўқувчиларининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари