Ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” мажмуасида теннис бўйича “Дэвис кубоги”нинг I Жаҳон гуруҳи учун саралаш доирасида Ўзбекистон – Польша терма жамоалари ўзаро рақобатлашди. Унда Польша терма жамоаси ғалаба қозонди.

Мазкур баҳсдан сўнг Денис Истомин ёш теннисчимиз Амир Милушевга қарши кўргазмали ўйин ўтказди. Бу эса, афсуски, Денис учун фаолиятидаги сўнгги баҳс бўлди. Ҳа, Денис Истомин профессионал фаолиятини якунлади.

Шу ўринда афсонавий теннисчимиз Денис Истоминнинг фаолияти ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик. Узоқ йиллар давомида мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси бўлган Денис Истомин мазкур спорт тури билан шуғулланишни беш ёшидан бошлаган. Денисни спортчи сифатида онаси Клавдия Истомина шуғуллантирган.

Теннисчимиз 2001 йилда “Фьючерс” туркумига кирувчи мусобақалардан бирига кетаётиб, автоҳалокатга учрайди. Натижада у бир неча йил давомида спортдаги профессионал фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлади. У 2003 йилдагина катта теннисга қайтади. Шу йилдан бошлаб маҳоратини ошириш устида тинимсиз ишлайди ва яхши натижалар кўрсата бошлайди. 2005-2011 йиллар давомида Денис Истомин “Челленжер” ва “Фьючерс” туркумларига кирувчи яккалик баҳсларида 14 маротаба ғалаба қозонди. Жуфтлик баҳсларда эса 15 маротаба финалда иштирок этиб, 11 марта ғолиб чиқди.

2010 йилда теннисчи Осиё ўйинларида иккита кумуш медалга эга бўлди. Улардан бири яккалик баҳсларда қўлга киритилгани билан аҳамиятлидир. 2013 йилда Денис Истомин Москвада ўтган АТП турнири жуфтлик баҳсларида ўзининг биринчи совринига эга чиқди.

Теннисчимиз 2014 йил Инчеонда ўтган Осиё ўйинларининг жамоавий баҳсларида бронза медалига сазовор бўлди. Буюк Британиянинг Ноттингем шаҳрида Профессионал теннисчилар уюшмаси – АТР туркумига кирувчи “Aegon Nottingham Open – 2015” халқаро турнирида ҳам юксак савияда ўйин намойиш этиб, бош совринни қўлга киритди. Шунингдек, у ўша йили Швейцарияда ўтказилган “Suisse Open Gstaad” анъанавий халқаро турнирининг жуфтлик баҳсларида ғолиб бўлди. 2017 йили эса Хитойда ўтказилган халқаро турнирнинг бош соврини соҳибига айланди.

2018 йилги спорт мавсуми Денис Истомин учун муваффақиятли ўтди. Теннисчимиз АҚШ ва Қозоғистонда ўтган “Челленжер” туркумидаги мусобақаларда бош совринни қўлга киритди. Шунингдек, у Индонезияда ўтган XVIII ёзги Осиё ўйинларида ғалаба қозониб, нафақат ўзбек, балки Марказий Осиё спортчилари ўртасида биринчи бўлиб, 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Шунингдек, Д.Истомин ушбу йилда Брисбен турнирининг чорак финалига қадар етиб борди. Австралия очиқ чемпионатида эса иккинчи раундига қадар ўйин ўтказди.

Июнь ойида у Штутгартда ўтказилган нуфузли мусобақада чорак финалга чиқди. Австриянинг Кицбюэль шаҳридаги турнирда муваффақиятли ўйнади. Денис мусобақанинг иккинчи даврасида амалдаги турнир чемпиони Филипп Кольшрайберга қарши ўйинда ғалаба қозонди. Чикаго ва Алмати шаҳарларидаги “Челленжер”да ғалаба қозонди. 2022 йилнинг октябрь ойида эса теннисчимиз Италиядаги жуфтлик баҳсида ғалаба қозонди ва бугунга қадар турли нуфузли турнирларда иштирок этди.

Албатта, Денис Истомин ўтган 20 йил давомида мамлакатимиз теннисида ўчмас из қолдирди ва унинг юқори натижалари ва муваффақиятлари учун унга миннатдорлик билдириб қоламиз. Умид қиламизки, у эндиликда мураббий сифатида ўзбек теннисини янада юксалтирувчи ёшларни камол топтиришга бел боғлайди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА