Франциянинг Париж шаҳрида дзюдо бўйича ўтказилган “Катта дубулға” мусобақасида дунёнинг 111 мамлакатидан 667 нафар спортчи иштирок этди ва улар медаллар билан бир қаторда Олимпиада ва жаҳон рейтингининг очколари учун баҳс олиб борди.
Турнирда вазни 100 килограммдан ортиқ бўлган полвонимиз Алишер Юсупов бронза медалини қўлга киритди. Алишер мазкур медаль учун ўтган беллашувда грузиялик Иракли Деметрашвилини мағлубиятга учратди. Шунингдек, мусобақанинг ўтган кунги баҳсларида терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Шаҳрам Аҳадов 73 килограммгача вазн тоифасида иштирок этиб, бронза медалига эга чиқди.
Шу тариқа, терма жамоамиз Париж “Катта Дубулға” турнирини иккита бронза медали билан якунлади. Мазкур медалларни қўлга киритган Шаҳрам ва Алишер полвон Олимпиада ва жаҳон рейтинги учун қимматли 500 очкони ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА