Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Энг фаол ижтимоий ходим” кўрик-танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ,“Энг фаол ижтимоий ходим” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда:

энг фаол ижтимоий ходимни адолатлилик, холислик, ошкоралик ва коллегиаллик принциплари асосида аниқлаш;

ҳудудий ва республика комиссиялари томонидан кўрик-танловнинг тегишлича ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларини ўтказиш ҳамда ғолибларни аниқлаш;

кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш тартиби ҳамда уларга бериладиган имтиёзлар белгилаб берилган.

Кўрик-танлов ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларидан иборат бўлади.

Кўрик-танловда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ижтимоий ходимлар, ижтимоий ходим ассистентлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлардаги хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори бўйича ижтимоий ходимлар иштирок этади.

“Энг фаол ижтимоий ходим” кўрик-танловини ўтказиш бўйича ҳудудий комиссиялар таркиби Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари томонидан, республика комиссияси таркиби эса Агентлик директори томонидан тасдиқланади.

Кўрик-танловнинг республика финал босқичи ғолиб ва совриндорлари бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан қуйидагича тақдирланади:

1 – ўрин учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида;

2 – ўрин  учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 баравари миқдорида;

3 – ўрин  учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида.

ЎзА