Ўтган йил 6 февраль куни Туркияда рўй берган кучли зилзила оқибатида 50 мингдан кўп фуқаро ҳаётдан кўз юмди, 110 минг қардошимиз жароҳатланди. “Аср фалокати” дея номланган бу офат нафақат инсонларни ҳаётдан олиб кетди, беҳисоб мол-мулк йўқолишига сабаб бўлди, балки 11 шаҳар, вилоятни умуман яшаб бўлмайдиган ҳолатга келтирди. Инфратузилма – йўл, фабрика, мактаб, шифохона, бозор, иш идоралари вайрон бўлди.
Мамлакат Фавқулодда вазиятлар давлат департаменти маълумотига кўра, жами 14 миллион фуқаро жабр кўрган ер қимирлаши 124 туман, 7 мингга яқин қишлоқ ва маҳаллани вайрон қилди.
Хатай зилзила қурбонлари ва вайрон бўлган бинолар бўйича энг кўп зарар кўрди. Шу боис, ҳудудда барпо этилган уй-жой учун қуръа ташлаш ва ғолибларга калитларни топшириш маросими айнан Хатайдан бошланди.
“Аср фалокатидан асрлар бирлигигача” шиори остида зилзилада уй-жойидан айрилган энг муҳтож фуқароларга хавфсиз, иссиқ уй-жой қуриб бериляпти. Ҳудудда қурила бошланган 46 минг уйдан биринчи босқичда 7275 хонадон калити Мустафо Камол университети спорт залида Президент Режеп Таййип Эрдоған иштирокида ўз соҳибига тақдим этилди.
Давлат раҳбари жами 650 минг киши қутқарув ишида қатнашганини алоҳида қайд этиб, мақсад ҳар ой 15-20 минг уй ва қишлоқ биносини қонуний эгаларига топшириш эканини таъкидлади.
– Зилзиладан икки кун ўтиб Хатайга келганимизда кўзларимиз дуч келган манзарани унутмаганмиз ва ҳеч қачон унутмаймиз, – деди Эрдоған. – Хатайда 7 275 нафар аҳолига уй беряпмиз. Вилоят бўйлаб қад кўтараётган хонадонлар ҳам қуриб битказилгач, босқичма-босқич тақсимланади.
Туркиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси хабар беришича, йил охиригача 200 минг уй топширилади. Пойдевор қўйилгандан кейин, қурилиш бир йил ичида якунланади.
Туркия етакчиси тадбирда мамлакатни ҳар томонлама ривожланган ўнта давлат қаторига киритиш жараёни жадал босқичда эканини таъкидлади.
Шундан сўнг Президент Хатай ўқув-тадқиқот касалхонаси ҳамда “Искендерун” давлат шифохонасининг очилиш маросимида иштирок этди.
Б.Худойбердиев тайёрлади.
ЎзА