Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг маълум қилишича, Ўзбекистонда 5,5 миллиондан ортиқ оила ўз томорқа хўжалигига эга. 505 минг гектардан ортиқ ер улар ихтиёрида. 2024 йилнинг 1 январь ҳолати бўйича деҳқон ва шахсий томорқа хўжаликларида 12,8 миллион бошдан ортиқ йирик шохли қорамол, 18,7 миллион бош қўй ва эчки мавжуд.

МДҲ давлатлараро статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда мустақил равишда банд бўлиш туфайли олинадиган даромад улуши 2022 йилда Қозоғистондагидан 4,2 баробар, Қирғизистондагидан 2,4 баробар ва Тожикистондагидан 1,7 баробар кўп бўлган.

2023 йилда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмининг 63,1 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликларининг ҳиссасига тўғри келган. Шундан деҳқончилик маҳсулотларининг улуши 37,9 фоиз ва чорвачилик маҳсулотларининг улуши эса 88,4 фоиздир.

Шунингдек, ҳудудлар кесимида деҳқон ва томорқа хўжаликларида гўшт етиштириш бўйича энг юқори улуш Қашқадарё вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида кузатилди. Мазкур тоифадаги хўжаликларда сут ишлаб чиқариш бўйича энг юқори улуш Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида бундан кейин ҳам деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш белгиланган. Унга асосан субсидиялаш тизимини жорий этиш, шунингдек, барча субсидияларни “Агросубсидия” ягона платформаси орқали «бир қадам» тамойили асосида бериш режалаштирилган. Бун деҳқон ва шахсий томорқа хўжаликларини қўллаб-қувватлашда энг муҳим мезондир.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА