Президентимиз томонидан 2023 йилнинг 21 декабрида қабул қилинган “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қуйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, мамлакатимизда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолияти жорий қилиниб, “маҳалла еттилиги” тизими ташкил этилди.
Мазкур фармон ва қарор билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва “маҳалла еттилиги”нинг асосий вазифалари белгилаб берилди. Қорақалпоғистон Республикаси масъуллари томонидан жорий йилнинг 30 январь санасидан мазкур тадбирлар белгиланган режа асосида ташкил этилмоқда. Ўқув-семинарларда ҳудуддаги барча “маҳалла еттилик”лари иштирок этиб, фармон ва қарордан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олмоқда.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси масъулларининг таъкидлашича, ўқув семинарларини самарали ташкил этишда барча шароитлар яратилган. Тасдиқланган режа-жадвалга асосан бугунга қадар Тахтакўпир, Қораўзак, Бўзатов ва Чимбой туманларида семинарлар юқори савияда ташкил этилиб, иштирокчилар тест-синовларни аъло даражада топширди. Ўқув-семинарлари жорий йилнинг 28 февраль санасига қадар давом этади.
Маълумот тариқасида таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасида 452 та шаҳарча, овул ва маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.