“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йили муносабати билан ишлаб чиқилган Давлат дастури лойиҳасида “Ўзбекистон – 2030″ стратегиясининг бешта йўналиши бўйича 2024 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатлари белгиланмоқда. Лойиҳада шунингдек, ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий, экология, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида жорий йилга мўлжалланган ислоҳотлар назарда тутилмоқда.

Давлат дастури лойиҳасининг экология ва “Яшил иқтисодиёт” йўналишларида белгиланган мақсад-вазифалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилиниб, бу борада яна бир қатор таклифлар илгари сурилди.

– “Яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш давлатнинг асосий мақсадларидан бирига айланмоқда, – деди фракция раҳбари Х.Ғаффоров. – Давлат дастури лойиҳасида ҳам сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши доирасида бир қатор муҳим тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, 2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида камида 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар кўчатларини экиш, республика доирасида 444 та яшил боғ барпо этиш, 1,5 минг километр йирик каналларни бетонлаштириш ишларини якунлаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда чанг бўронларига қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, автотранспорт воситаларидан атмосферага чиқариладиган газлар миқдорини камайтириш борасида муҳим вазифалар белгиланган.

Йиғилишда фракция аъзолари Давлат дастури лойиҳаси бўйича тўхталар экан, унда белгиланган ҳар бир вазифа соҳалар равнақига хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, лойиҳани такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Жумладан, атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, парламентнинг ўрнини янада мустаҳкамлашга доир фикрлар билдирилди.

Муҳокамалардан сўнг депутатларнинг Давлат дастури лойиҳаси юзасидан тақдим этган таклифлари умумлаштирилиб, лойиҳага киритиш учун тақдим этилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА