Қатарда давом этаётган Осиё кубоги 1/8 финал баҳслари теграсидаги фикр-мулоҳазалар кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.
Айниқса, 2 февраль куни Тожикистон – Иордания ва 3 февраль куни Қатар – Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг ўйинлари ҳақида билдирилаётган муносабатлар мамлакатимиз ва қўшни Тожикистон футбол фанатларини ёруғ орзуларга ошуфта этаётгани бор гап.
Мамлакатимиз футболининг ёрқин афсонаси, айни пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси фахрийлар кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатаётган Тўлаган Исоқов билан ўтказган суҳбатимиз айнан шу хусусда кечди.
Айтиш лозим, бу гал Қатар яшил майдонларида ўтаётган қитъа кубоги баҳслари ҳар жиҳатдан олдинги чемпионатлардан фарқ қилмоқда.
Бу, энг аввало, Осиё жамоаларида футбол техник-тактик жиҳатдангина эмас, мухлисларнинг муносабатида, унинг қамровида, дунёнинг етакчи футбол клубларининг селекционерларининг қизиқишларида яққол кўзга ташланмоқда.
Бундан ташқари, XVIII қитъа чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 14,8 миллион доллар этиб белгилангани, мусобақа ғолиби 5 миллион долларни, финалчи жамоа 3 миллион, ярим финалчи терма жамоалар 1 миллион доллар миқдоридаги мукофот соҳиби бўлишидан ташқари унда қатнашган ҳар бир терма жамоа 200 минг доллар билан тақдирланиши ҳам Осиё кубогининг нуфузидан далолатдир.
Узоқ йиллар “Пахтакор” футбол клубида фаолият юритиб, миллионлаб футбол мухлислари қалбидан жой олган Тўлаган Исоқов билан суҳбатимизда 1/8 финалчи жамоаларнинг имкониятлари, миллий терма жамоамизнинг кучли ва оғриқли нуқталари, мураббийларнинг иш юритиш жиҳатлари, қўшни Тожикистон жамоасининг шов-шувли натижаларига ҳам тўхталдик.
Мулоқот давомида Тўлаган Исоқовнинг терма жамоамиз ўйинларини майдондан кузатиш учун нега Қатарга бормагани, Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгашининг иш фаолияти, юртимизда болалар футболига берилаётган эътибор, чекка-чекка ҳудудлардан порлаб чиқаётган талантли ёшлар масаласи ҳам эътиборимиз марказида бўлди.
Суҳбатнинг тўлиқ тафсилотлари билан ЎзАнинг Youtube канали орқали танишишингиз мумкин.
Тўлқин Рўзиев, Дониёр Якубов (видео), ЎзА.