Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий комуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ф. Давруқов ва Мўғулистон пойтахти Улан-Батор мерининг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Анхама Шижирбаатар бошчилигидагидаги делегация вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда сўнгги йилларда дунёда мамлакатимизнинг туристик салоҳияти сезиларли даражада ошганлиги қайд этилди.

Шунингдек, Тошкент ва Улан-Батор ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш, гастрономик туризмни ривожлантириш, туристик маҳсулотларни тарғиб қилиш, йирик туроператорлар вакилларининг қўшма туристик кўргазмаларда иштироки, туризм ҳамкорлиги доирасида ўтказилувчи маданият соҳасидаги турли тадбирлар каби истиқболли лойиҳаларга урғу берилди.

Ўз навбатида Анхама Шижирбаатар қабул учун миннатдорлик билдириб, туризм, таълим йўналишида, соғлиқни сақлаш, бизнес, озиқ-овқат саноати, умумий овқатланиш, савдо ва ҳизмат кўрсатиш каби қатор соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Улан-Батор делегацияси аъзолари Ўзбекистон Мўғулистонда танилган бренд сифатида сайёҳлар оқимини турли соҳаларда жалб қила олиш салоҳиятига эга мамлакат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги давлат сиёсати, ташкилоти хавфсизлик чоралари ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш таклифини билдирди.

Ўзбекистон ўз олдига қўйган мақсадларини тизимли амалга ошириб бораётганини, бунда давлат ҳукуматининг оқилона бошқарув сиёсати катта ўринга эга эканлигини эътироф этди.

Гулноза Бобоева, ЎзА