Адлия вазирлиги томонидан барқарор ва самарали қонунчилик базасини яратиш мақсадида қонун ижодкорлиги жараёнларида «ақлли тартибга солиш» модели элементлари кенг қўллаб келинмоқда.

Шу жумладан, вазирлик қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича мувофиқлаштирувчи орган бўлиб, мунтазам равишда давлат органларига бу борада услубий ва методологик ёрдам кўрсатиб келаётир.

Адлия вазирлигида “Амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш” мавзусида ўтказилган семинарда шу ҳақда гап борди.

Вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этган тадбирда жорий йилда амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёнларининг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 8 январдаги “Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 40 та муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга ҳамда кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлаётган қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсири баҳоланиши таъкидланди.

Тадбирда ушбу баҳолашнинг аҳамияти ва тартиби, эришилган натижалар тўғрисида маълумот берилиб, амалдаги қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тушунтирилди ва муҳокама қилинди.

Шунингдек, ҳужжатларда кўрсатилган кўплаб мажбуриятлар тартибга солиш мақсадларига эришилгани ва ортиқча маъмурий юк мавжудлиги жиҳатидан қайта кўриб чиқилиши, баҳолаш натижаларига кўра самарадорлиги паст бўлган ёки кўзланган мақсадларга эришилмаган тартибга солиш воситаларини ўзгартириш, бекор қилиш ёки механизмини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Н.Абдураимова, ЎзА