Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Жанубий Кореянинг “Sun moon” университети президенти Сон Же Мун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Мулоқот давомида 2023 йил декабрь ойида вилоят вакилларининг мазкур университетга ташрифи, эришилган дастлабки келишувларнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Сон Же Мун Сирдарёда университет филиалини ташкил этиш таклифини билдирди. Ўз ўрнида вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашини таъкидлар экан, олий ўқув юрти фаолиятини йўлга қўйиш учун Гулистон шаҳри танланганини маъқуллади.

Маълум қилинишича, бу ерда дастлаб IТ ва сунъий интеллект технологияларига асосланган бешта долзарб йўналишда ўқитиш йўлга қўйилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, университетни саноат тармоқларига тайёр мутахассисларни тайёрловчи таълим кластерига айлантириш кўзда тутилган. Бунинг учун таълим жараёнлари ишлаб чиқариш билан тўлиқ интеграция қилинади.

Мулоқот якунида амалий таклифлар билдирилди ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ш.Суяров, ЎзА мухбири