Ўзбекистон Республикаси Президенти “Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, лойиҳа доирасида устувор равишда ўрта шаҳарлар урбанизация даражасини ошириш учун шароит яратишга қаратилган ҳудуднинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаларини комплекс ривожлантириш (ичимлик сув ва канализация тармоқларини тортиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш) бўйича тадбирлар амалга оширилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Лойиҳани бошқариш ва мувофиқлаштириш, шу жумладан Лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш, унинг мониторинги ва ҳисоботини юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тасарруфига ўтказилади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Лойиҳа доирасида зарур ташкилий-техник тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш, шунингдек, қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади.

Қарор билан:

«Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳасини қўшимча молиялаштиришнинг асосий техник-иқтисодий параметрлари;

«Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳасини қўшимча молиялаштириш доирасида Халқаро тараққиёт уюшмасининг қарзидан фойдаланиш, уни қайтариш, комиссия ва фоиз тўловларини амалга оширишнинг прогноз жадвали;

«Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳасини қўшимча молиялаштириш доирасида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг қарзидан фойдаланиш, уни қайтариш, комиссия ва фоиз тўловларини амалга оширишнинг прогноз жадвали тасдиқланди.

                                                                                                                                   ЎзА