Ўзбекистон халқаро илмий мулоқот майдонига айланяпти!

Банк-молия академиясида Корея Республикасининг қатор олий таълим муассасалари, халқаро таълимга кўмаклашувчи дастур вакиллари иштирокида замонавий билим, малакага эга мутахассислар тайёрлашда юқори сифатга эришиш масаласига бағишланган амалий учрашув, маҳорат дарслари ва халқаро илмий симпозиум ўтказилди.
Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, ушбу давлат Таълим вазирлиги, UNESCO/UNITWIN дастури, Хандонг, Ханнам, Хансунг университетлари вакиллари, академия профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирок этган тадбирда замонавий билим, малакага эга кадрлар тайёрлаш соҳаси ривожланиш тенденцияси муҳокама қилинди.
Томонлар илғор халқаро тажриба ва билимни пухта ўзлаштирган мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликка оид янги йўналиш бўйича аниқ келишувга эришдилар. Халқаро таълим стандарти асосида малакали мутахассис тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган таклифлар илгари сурилди. Олий таълим тизимини уйғунликда равнақ топтиришга қаратилган лойиҳалар, келгуси режа ва амалий чора-тадбирлар бўйича фикр алмашилди.
Дастурга мувофиқ, ҳамкорликда ташкил этилган “Research Colloquium in Winter 2024” қўшма халқаро илмий симпозиумида тадқиқот натижаси асосида тайёрланган таҳлиллар, янги билимлар тақдимоти ўтказилди.
Келишувларнинг амалий натижаси ўлароқ ташкил этилган ушбу халқаро анжуманда ҳамкор томонларнинг етук олимлари маъруза қилгани, ривожланиш бўйича энг яхши ечимларга эга илмий тадқиқот натижалари ҳақидаги маълумот берилгани иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Қайд этилишича, икки давлат таълим муассасалари ҳамкорлиги натижасида юзага келаётган мазкур халқаро илмий мулоқот майдони янги ташаббусларни илгари суриш, тадқиқот натижаларини муҳокама қилиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Академиядаги ўқув жараёнида Корея Республикаси давлат бошқаруви идораларида муваффақиятли фаолият олиб борган таниқли шахслар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиш анъанага айланди.
Масалан, Корея Бош вазирининг собиқ ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири сифатида фаолият юритган О-Сок Хён томонидан тақдим қилинган жаҳон иқтисодиёти келажаги тўғрисидаги махсус “Глобал иқтисодиёт келажаги: инқирозга қарши туриш, асосий глобал куч ва ечимни шакллантириш” мавзусидаги маърузада келажак дунёда иқтисодиёт ва жамият қандай шаклланиши, аср ўрталарида дунё конфигурациясига таъсир қилиши мумкин бўлган асосий омиллар ҳамда экологик, ижтимоий ва бошқарув муаммолари атрофлича таҳлил этилган.
Бундан ташқари халқаро даражадаги олимлар иштирокида махсус маслаҳат соатлари ташкил этиш орқали академия тингловчиларининг магистрлик диссертацияси сифати ва илмий тадқиқот фаолияти самарадорлигини таъминлашга доир мақсадлар ижобий амалга ошириляпти.
Ташриф доирасида кореялик олимлар тингловчилар томонидан тайёрланган 12 та энг яхши магистрлик диссертацияси ва тадқиқот билан танишиб, зарур тавсиялар беришди.
Икки давлат етакчи олимлари томонидан ўтказилган маҳорат дарсларида Жанубий Кореяда қайта тикланадиган энергия тенденцияси ва водород энергиясини ўзгартириш стратегияси, атроф-муҳит, ижтимоий бошқарув тизими ҳақида сўз борди.
Ҳамкорлик лойиҳалари кўламини кенгайтириш таълим, илм-фан соҳасидаги барқарор, ўзаро ишончга асосланган ришта янада мустаҳкамланиишига хизмат қилади.
Б.Худойбердиев, ЎзА