Илм-фан янгиликлари

2023 йил учун дунё смартфон бозори таҳлилий ҳисоботи эълон қилинди. Натижалар жуда қизиқарли.

“Apple” рекорд даражада юқори кўрсаткич қайд этган. Компания ўтган йил 234,6 миллион дона қурилма сотган ва умумий бозордаги улушини 20,1 фоизга етказган. Кейинги ўринларни 226,6 миллион дона ва 19,4 фоиз билан “Samsung”,  145,9 миллион дона, яъни 12,5 фоиз билан “Xiaomi” эгаллади.

Шу тариқа 14 йилдан буён пешқадамлик қилган “Samsung” жойини “Apple”га бериб қўйди.

“Apple” илк автомобилини қачон чиқаради?

“Apple” илк электрокарасини тақдим этишга ҳозирлик кўряпти. “Bloomberg” маълумотида келтирилишича, янги “мўъжиза” 2028 йил намойиш қилиниши мумкин.

Аслида, 2026 йил чиқарилиши мўлжалланган компаниянинг биринчи автомобили “CarPlay” ва “Level-5” тизими билан жиҳозланган, ҳайдовчисиз бошқариладиган машина бўлиши керак эди. Автомобиль “Tesla” каби мустақил равишда ўзини ўзи бошқариб, йўлда учрайдиган тўсиқни кузата олиши керак эди.

“Apple” ўз машинаси устида ишни 2014 йил бошлаган. Ҳозирча лойиҳа “Titan”ёки “T172” дея номланган.

“Microsoft” капиталлашуви рекорд даражага чиқди

“Microsoft”нинг бозор капиталлашуви 3,006 триллион долларга етди. “Nasdaq” фонд биржасида компания акцияси нархи 1 фоиз ошган, деб ёзди “CNBC”.

Капитали 3 триллион доллардан ошган компания фақат “Microsoft” эмас, албатта. Шундай мавқега “Apple” ҳам кўтарилган. Фақат январда “Microsoft”  “Apple”ни қувиб ўтиб, глобал рейтингда биринчи ўринга чиқди.

2023 йил энг қиммат компаниялар рўйхати қуйидаги кўринишда эди:

“Apple”, “Microsoft”, “Amazon”, “Google”, “Samsung”, “Toyota”, “Mercedes-Benz”, “Coca-Cola”, “Nike” ва “BMW”.

“Microsoft” ўрни мустаҳкамланиши генератив сунъий интеллект соҳасига мувваффақиятли тарзда сармоя йўналтирилгани билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Смарт-соат ўтмишда қолади

Яқинда “Daily Mail” нашри олим ва футуролог Эндрю Гриллнинг башоратини эълон қилди. Мутахассис “5G SA” технологияси ривожи, янги қурилма ва келажакда урф бўладиган буюмлар ҳақидаги фикрларини ўқувчилар билан баҳам кўрган.

Грилл таъкидлашича, атиги беш йилдан сўнг британ ўсмирлари оёғидан бошигача сунъий интеллект захирасидаги технология билан таъминланади. Улар ҳозирданоқ оддий ақлли соат ва фитнес-трекердан воз кечмоқда. Энди ёшлар кийим ёки пойафзалга ўрнатилган кичик чипдан фойдалана бошлайди.

Футуролог ушбу чипни 2021 йил “Apple” тақдим этган “AirTag” билан солиштирган. Танга ҳажмидага мазкур қурилма соҳиби ҳаётини енгиллаштириб, у ҳақдаги барча маълумотни тўплайди ва умумий тармоқда бирлаштиради.

Эксперт шундай мисол келтиради:

– Кўчада кетаётиб, нотаниш одам оёғида зўр кроссовкани кўриб қолдингиз. Бундай вазиятда ўша киши оёқ кийимини қаердан олгани ёки худди шундай кроссовкани қандай қилиб топиш мумкинлиги хусусида “фол очиш”га тўғри келмайди. Ўзи кийиб юрган, чип билан жиҳозланган “гапирувчи” сунъий онгли кроссовка бегона пойабзал ҳақидаги барча маълумотни беради. Барча зарур ҳавола смартфонингиздаги иловада пайдо бўлади.

Чип соҳибининг шахсий услуби, хоҳиши, маблағи ва яшаш тарзига оид маълумотни сақлайди. Келгусида харид қилиш мумкин бўлган буюм юзасидан маслаҳат беради. Хуллас, бундай матоҳдан фойдаланиш ҳаётнинг барча жабҳасида акс этади.

Марсга учадиган илк самолёт қандай кўринишда бўлади?

Вертикал учадиган ва қўнадиган самолёт “MAGGIE” номини олди. Учоқнинг қачон йиғилиши ҳозирча номаълум, аммо баъзи хусусияти, аллақачон, аёнлашган. “Space.com” сайти ёзишича, қурилма қуёш энергиясидан қувват олади ва бир онда 179 километр масофани босиб ўта олади. Камера ва ўлчагич билан жиҳозланган қурилма Марс юзасини, тахминан, 1000 метр баландликдан тасвирга олади. Самолёт сув қидириш, кучсиз магнит майдони манбасини таҳлил қилиш, метан изини ўрганиш вазифасини ҳам бажаради.

“MAGGIE” лойиҳаси аллақачон НАСА томонидан молиялаштирила бошланган. Мутахассислар ишончи комилки, янги самолёт “Марс сиртини ўрганишда инқилоб ясайди” ва кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлади.

Ҳозир Марсда 1,8 килограммли “Ingenuity” учувчисиз бошқариладиган вертолёт парвоз қилмоқда. 18 январь куни 72-парвозини амалга оширган бу учоқ муваффақиятсизликка учради. Режа бўйича тушиш вақтида вертолёт ва “Perseverance” аппарати ўртасидаги алоқа узилиб қолди. Яхшиямки, икки кундан кейин олимлар қурилма билан яна “боғланиш”га муваффақ бўлишди.

Wi-Fi соғлиқ учун зарарлими?

Ҳозир ҳаётимизни симсиз технологиядан айро тасаввур қилолмаймиз. Ҳеч биримиз смартфонни қўлдан қўймаймиз. Кафеда, уйда ёки паркда ҳам Wi-Fi ёрдамида интернетга уланиш имконига эгамиз. Табиийки, кейинги пайт кўпчиликда ҳаво орқали маълумот алмашиш қурилмасидан доимий равишда фойдаланиш соғлиқ учун зарарли эмасми, деган савол пайдо бўлган.

Аксарият экспертлар фикрича, Wi-Fi инсон саломатлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди, аммо яна бир жиҳатни эсдан чиқармаслик керак. Бундай технология, барибир, инсоният учун янги ва эҳтимолий зарар ҳақида узил-кесил далил йўқлиги салбий таъсир мавжудлигини бутунлай истисно этмайди.

Мутахассислар тавсиясига қулоқ солиш зиён қилмайди, албатта. Нафақат болалар, балки катталар ҳам доимий равишда онлайн вақт ўтказиш масаласига жиддий муносабатда бўлиши лозим. Яъни, Wi-Fi қурилмасини болалар хонасига ёки ётоқхонанинг бош томонига қўйиш тавсия қилинмайди. Қолаверса, интернетсиз ҳам ҳаёт бир маромда кечганини эсдан чиқармайлик. Тоза ҳаво, ҳаракатли ўйинлар саломатлик учун жуда фойдали экани сир эмас.

“Hyundai” ақлли келажак эксковаторини яратди

“Hyundai” бир неча йилдан буён қурилиш майдончасини автоматлаштиришга мўлжалланган “Xite Transformation” лойиҳаси билан шуғулланмоқда. Мазкур янгилик доирасида компания “ConceptX” ақлли эксковаторини ихтиро қилди.

Дастлабки шундай машина Лас-Вегасда – “CES-2024” кўргазмасида намойиш этилди. Тўлиқ электр қуввати билан ишлайдиган бу қурилманинг ҳайдовчи ўтирадиган кабинаси йўқ. Яъни, машинани бошқарувчи одам керак эмас. Замонавий технологияни қўллаб-қувватлайдиган, автоматлаштирилган тизим “Concept X” иши учун жавобгар.

Электр эксковаторидан ташқари “Hyundai” юкни ўзи туширадиган автомобил ва ихчам ғилдиракли юк кўтаргич ҳам яратмоқда. Бундай воситалардан яқин йилларда фойдаланила бошлайди.

Ўлчагич ва камералар тўплами билан жиҳозланадиган эксковаторнинг металл чўмичи рақамли тасвирни мониторга узатади. Бу юк ташилишини осонлаштиради, электр ва газ тизимига шикаст етишининг олдини олади.

“Hyundai” кўргазмада тўрт ўринли учар таксини ҳам намойиш қилди.

Интернет материаллари асосида

Саидмурод Раҳимов тайёрлади.

ЎзА