Лизинг хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг фаолияти тартибга солинади

274

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030″ стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони муҳокамалар порталига жойланди.

Унда Ўзбекистонда лизинг хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартибини белгилаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Унга кўра, лизинг хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш борасида ваколатли органни белгилаш, лизинг хизматларини кўрсатувчи ташкилотларга оид ягона реестр юритишни жорий этиш, лизинг хизматларини кўрсатишни ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш фаолият турига ўтказиш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Рақобат қўмитаси томонидан бир қатор лизинг компаниялари мансабдор шахсларига нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилгани, шунга қарамай, айрим компаниялари мансабдор шахслари томонидан истеъмолчиларни чалғитиш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан пул маблағларини жалб қилиш каби ҳуқуқбузарликларни давом эттираётгани маълум қилинган эди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА