Ўзбекистон шахматчиларининг халқаро мусобақаларда муносиб натижаларга эришаётгани Халқаро шахмат федерациясининг ҳар ой эълон қилиб борадиган рейтингида ўз аксини топмоқда.

Жорий йилнинг январь ойи давомида юртимиз ҳамда бир қатор хориж мамлакатларида ўтказилган турнирлар сарҳисобига кўра, ФИДEнинг янгиланган рейтинги эълон қилинди.

Унда юртимиз шахматчиларидан Нодирбек Абдусатторов (15), Жавоҳир Синдоров (35), Рустам Қосимжонов (47) ва Нодирбек Ёқуббоев (75) жаҳоннинг юз нафар энг кучли шахматчилари қаторидан ўрин олиш билан бирга бошқа йўналишларда номлари кетма-кет қайд этилди.

Шунингдек, халқаро рейтингда истеъдодли шахматчиларимиздан Муҳиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Шамсиддин Воҳидов, Олмос Раҳматуллаев, Ҳумоюн Бекмуродов ўз йўналишларида кучли юзликка киритилган бўлса, хотин-қиз шахматчиларимиздан Умида Омонова ва Афрўза Ҳамдамова аёллар шахматида етакчилар рўйхатида кўриниш берди.

Т. Рўзиев, ЎзА