Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

260

Жазоирнинг йирик нашрларидан бири “Бугунги воҳа” газетасида журналист, доктор Аҳмад Жосим Аз-Зубайдийнинг “Тошкент метроси бекатлари – ер ости ўзбек саройлари” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

— Бугунги кунда пойтахт метрополитени Тошкентнинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири ҳисобланади. Бу чинакам маданий меросни акс эттирувчи дурдона асардир, – деган таъриф билан мақолани бошлайди муаллиф.

Тошкент метрополитени тарихига тўхталаркан, мухбир режалаштириш иши 1968 йил, пойтахтимизда юз берган машъум зилзиладан икки йил ўтиб, Марказий Осиёда ягона бўлган метро йўллари ва бекатлари қурилиши эса 1972 йил июль ойидан бошланганини баён этган.

Журналист Аз-Зубайдий 17 бекатдан иборат, узунлиги 23,7 километрли илк Чилонзор йўли 1977 йил 6 ноябрда очилгани, 1984 йил ишга тушган Ўзбекистон йўли, истиқлол йилларида қурилиб, фойдаланишга топширилган учинчи – Юнусобод йўли, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан режалаштирилган Тошкент метрополитенининг тўртинчи – Халқа йўли қурилиши 2017 йил бошлангани, 2020 йил 30 августда очилиш маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этганига урғу берган.

– Тошкент метроси жуда шинам, қулай, бетакрор, ҳар бир бекат бирор тарихий воқеликка етаклайди, Марказий Осиё ҳудудида яшайдиган халқларнинг байналмилал биродарлик хусусиятини ифодалаш рамзига айланган, – дейди муаллиф. – Бекатларда  “Шаҳар руҳи”ни ҳис қилиш мумкин. Алишер Навоий бекатида буюк адиб асарлари асосида ишланган безакли суратларни томоша қилиб, буюк мерос ҳайратидан тарих домига илинганини сезмай қолади, киши. “Чилонзор” бекатидаги қуббали нақшинкор тасвирлардан ҳайратга тушган сайёҳ “Бодомзор”даги сокинликдан бодом гули ифорини туяди, гўё. Коинот сир-асрори, фазогирлар дунёси билан яқиндан таништирадиган “Космонавтлар” бекатининг улғворлиги, айниқса, таҳсинга лойиқ…

Дарҳақиқат, Тошкент метросига тушган ҳар бир инсон сунъийлик, ёлғон ёки бемаъни рақобат йўқ бошқа бир оламни кашф этади.

Метро тартиб-интизом, тозалик ва гўзалликнинг ўзига хос тимсоли. Бу ерда инсон ўзи билмаган ҳолда секин гапира бошлайди, илтифотли, жонсарак, синчков бўлиб қолади.

Бир сўз билан айтганда, Тошкент метрополитени одамларни тарбиялайдиган, маънавий жиҳатдан ўстирадиган жой.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади.

ЎзА