Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг минтақавий вакили ва Омбудсман ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан Нукус шаҳрида жойлашган 2-сон Тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябрь ойида мазкур ҳибсхонада ўтказилган мониторинг ташрифида аниқланган ҳолатлар юзасидан Ички ишлар вазирлигига Омбудсман хулосаси киритилган эди. Бу галги ўрганишларда мазкур хулосанинг бажарилиш ҳолатлари ўрганилди.
Маълум бўлишича, ҳибсхонада сақланаётган шахслар учун ажратилган ювиниш хоналарида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Сунъий шамоллатиш тизими (вентиляция) янгидан қурилган. Ювиниш хонасининг санитария-гигиена ҳолати тиббиёт бўлими ходимлари томонидан қатъий назоратга олинган ва ёритиш чироқлари замонавийларига алмаштирилган.
Ҳибсхонанинг хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумлар шароитларини яхшилаш, жумладан, узоқ муддатли учрашув хоналари ташкил этиш ва бошқалар бўйича лойиҳа сметаси ишлаб чиқилгани маълум бўлди. Қурилиш ишлари 2024 йил иккинчи чорагида тугатилиши режалаштирилгани сабабли ушбу муассасага қайта мониторинг ўтказилади.
Омбудсман ахборот хизматидан маълум қилишларича, мониторинг ташрифида ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳолатлари ўрганилди ва тегишли тавсиялар берилди.
Шу билан бир қаторда, ҳибсхонада сақланаётган шахслар билан жамоавий тартибда суҳбатлашилди. Якка тартибда мурожаат қилиш истагида бўлган шахслар мурожаатлари ҳоли тарзда қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА