Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳридаги “Ҳумо Арена” мажмуасида 2-3 февраль кунлари “Дэвис кубоги”нинг I Жаҳон гуруҳи плей-офф баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон босқичига чиқиш учун Польша терма жамоасига қарши кортга чиқади.
Ушбу учрашув олдидан пойтахтимизда матбуот анжумани ва қуръа ташлаш маросими ўтказилди.
Унда Ўзбекистон ва Польша терма жамоаси аъзолари, мусобақа бош ҳаками ва бир қатор мутасадди раҳбарлар иштирок этди.
Анжуман давомида терма жамоамиз сардори Денис Истомин ҳамда польшаликлар вакили Хуберт Хуркач журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Шунингдек, мусобақа регламенти ва ўтказиладиган ўйинлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
– “Дэвис кубоги” мусобaқaсида узоқ йиллардан бери иштирок этиб келмоқдамиз ва бу сафарги баҳсда рaқиб кучли бўлишига қарамасдан фақат ғалаба учун кортга чиқамиз, – дейди терма жамоамиз аъзоси Ҳумоюн Султонов. – Теннисчиларимиз рақибларини яхши билaди. Умид қиламизки, жаҳон лигасига йўл оламиз.
Қуръа ташлаш маросими натижаси билан қуйида танишасиз:
2 февраль:
Сергей Фомин – Хуберт Хуркач
Ҳумоюн Султонов – Макс Касниковски
3 февраль:
Сергей Фомин/Максим Шин – Хуберт Хуркач/Ян Зелински
Ҳумоюн Султонов – Хуберт Хуркач
Сергей Фомин – Макс Касниковски.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, жамоалар ўз ўйинчиларини натижага қараб алмаштириш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур баҳс Ўзбекистон спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Халқаро теннис федерацияси (ITF) ҳамда мамлакатимиз Теннис федерацияси ва бир қатор ташкилотлар томонидан ўтказилмоқда. Унда терма жамоамиз Денис Истомин (сардор), Ҳумоюн Султонов, Сергей Фомин, Максим Шин, Амир Милушев каби теннисчилар билан ўз таркибини тўлдирган.
Ўзбекистон ва Польша терма жамоалари баҳсини “Ҳумо Арена”га келиб кўриш бепул бўлиб, 2 февраль кунги баҳс 14:00 да старт олади. 3 февраль куни учрашувлар эса 13:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА