Эквадор Москванинг муносабатига қарамасдан, Россиядан олинган эски техника воситаларини Қўшма Штатларга топширади, деди мамлакат Президенти Даниэль Нобоа «Ecuavisa» телеканалига берган интервьюсида.
“Техникалар берилади. Улар (Россия томони) бу ҳарбий техникалигини айтмоқда, биз эса шунчаки металл эканини исботладик. Халқаро битим доирасида ҳарбий техникани бериш тақиқланади, бироқ металлни берса бўлади”, — деди у. Бинобарин, мамлакат Россия билан муносабатни узиш ниятида эмас.
Январь ойи бошида Нобоа Россия ва Украинанинг эски техникасини АҚШ янги техникаси билан алмашишга тайёрлигини маълум қилганди. Ушбу келишув 200 миллион долларга баҳоланган.
Эквадор собиқ иттифоқ ишлаб чиқарган Ми-171Е вертолёти “Игла” ҳаво ҳужумига қарши зенит-ракета мажмуасидан фойдаланиб келади. Ҳарбий техникани учинчи давлатга бериш, одатда, шартнома шарти билан тақиқланади.
Ўз навбатида, Москва Эквадорнинг ушбу ҳаракатини эгри қадам, дея баҳолаган. Эквадордаги РФ элчиси Владимир Спринчан, Украинани назарда тутган ҳолда, ушбу техника америкаликларга эмас, балки “бу воситалардан фойдаланишни биладиганларга керак”, деб баёнот берди. Дипломат қўшимча қилишича, кераксиз металл сифатида жўнатилаётган ушбу техника Украинага ёрдам беради.
«РИА Новости» ёзишича, бундан бир йил аввал маҳаллий ОАВ собиқ Президент Гильермо Лассо ҳукумати Россия техникасини Украинага бериш масаласи кўриб чиқилгани ҳақида хабар тарқатган, бироқ ўшанда аниқ ҳаракатга ўтилмаган. 2023 йил Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Эквадорнинг Москвадаги элчиси Хуан Фернандо Ольгин Флорес билан учрашиб, Кито Киевга қурол етказиб бермайди, деб умид қилишини билдирган.