Си Цзиньпин Афғонистоннинг янги элчисидан ишонч ёрлиғини қабул қилди

ХХР Раиси Си Цзиньпин Афғонистоннинг Хитойдаги янги Фавқулодда ва мухтор элчиси Билол Каримийдан ишонч ёрлиғини қабул қилди, деб хабар тарқатди ХХР ташқи ишлар вазирлиги.

Каримий аввал “Толибон” ҳукумати расмий вакили ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўтган йил декабрь ойида оммавий ахборот воситалари Хитойда Афғонистон элчиси иш бошлагани ҳақида хабар тарқатган эди. ТИВ расмий вакили Ван Вэньбиндан журналистлар бу Пекин Афғонистон Ислом Амирлигини тан олганини билдирадими, деб сўраганда, у “Хитой ҳар доим Афғонистон халқаро ҳамжамиятдан ажралиб қолмаслиги кераклигини айтиб келган”, деди.

2023 йил “Samsung Electronics” даромади тўрт баробар камайди

Жанубий Кореянинг электроника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Samsung Electronics” компаниясининг соф даромади ўтган йил қарийб 3,8 баробар камайиб, 14,473 триллион вон (тахминан 10,9 миллиард доллар)ни ташкил этган.

Аё-София масжидига кириш энди хорижликлар учун пулли

Уч йил олдин диний объектга айлантирилган Истанбулдаги Аё-София мажмуасига кириш шу ҳафтадан бошлаб хорижлик сайёҳлар учун пулли қилинди. Чипта нархи – 25 евро.

“РИА Новости” шу ҳақда мамлакат маданият ва туризм вазирлиги берган маълумотга таяниб ёзган.

2020 йил масжид мақомини олган “Аё-София”га кириш ҳозиргача мутлақ текин эди.

Япониянинг Россия билан ҳудудий масала бўйича позицияси ўзгармас

Япониянинг Россия билан ҳудудий масалани ҳал қилиш ва тинчлик шартномасини имзолаш бўйича тутган позицияси ўзгармасдан қолади, бироқ ҳозир бундай  келишувга эришишнинг имкони йўқ, деди кун чиқар мамлакат ҳукумати бош котиби Ёсимаса Хаяси Токиода уюштирилган матбуот анжуманида.

Хаяси эслатишича, 2022 йил баҳоргача икки мамлакат ўртасида тинчлик шартномасини имзолаш бўйича мулоқот давом этди, бироқ Токио Россияга қарши санкция жорий қилгандан кейин Москва ташаббуси билан жараён тўхтатилган.

Британия Қизил денгизга авиация ташувчи кемасини жўнатиши мумкин

Буюк Британия Яман хусийлари ҳужумига қарши курашиш учун Қизил денгизга авиа ташувчи жўнатиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб ёзди “Telegraph” газетаси.

Хусийлар узоқ муддатли қарама-қаршиликка тайёрлигини билдиргандан кейин Қироллик денгиз кучлари АҚШга қайтган Американинг “Дуайт Эйзенхауэр” авиа ташувчисини алмаштирмоқчи, дея таъкидлаган нашр.

Инкларнинг қадимий шаҳри Мачу-Пикчу қамалда қолди

Бунга маҳаллий аҳолининг чипта сотишда янги тартиб ўрнатилганига қарши уюштирган норозилик намойиши сабаб бўлди.

La República” газетаси ёзишича, Мачу-Пикчуга чиқиш олдидан сайёҳлар энг кўп тўпланадиган Агуас-Кальентес шаҳарчасида кўчалар ҳувиллаб ётгани, барча савдо дўконлари ёпиқ тургани акс этган видео тасвирлар намойиш қилинган.

Саудия мудофаа соҳаси бўйича АҚШ билан музокарани тиклайди

Саудия Арабистони Фаластин – Исроил зиддияти асносида АҚШ билан мудофаа соҳасидаги мулоқотни тўхтатган эди, деб ёзди “Bloomberg” ишончли манбаларга таяниб.

Хабарда таъкидланишича, подшоҳлик шимоли-ғарбидаги Ал-Ула аҳоли манзилида меросхўр шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан Америка сенатори ўртасида музокара бўлиб ўтган.

Туркия парламенти тарихида илк бор депутат ваколатидан маҳрум этилди

Бир ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида турмада сақланаётган мухолифатчи депутат Жан Аталай сешанба куни ваколатидан маҳрум этилди. Бундай воқеа мамлакат парламентида илк бор рўй берди.

Аталай 2013 йил Ғози паркда намойиш иштирокчилари манфаатини ҳимоя қилгани учун 2022 йил 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Ўшанда унга ҳукуматни ағдаришга уриниш айби қўйилган.

Пентагон Киевга реактив снаряд бермоқчи

Пентагон Украинага “GLSDB” реактив снарядларини бериш устида иш олиб боряпти. Ҳозирча махсус қурол қачон Киевга жўнатилиши маълум қилинмаган.

Politico” нашрининг аввалроқ узатилган хабарида келтирилишича, ушбу инновацион ўқ-дори америкалик ҳарбийлар томонидан синовдан ўтказилгач, тез орада Украинага етказиб берилади.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади.

ЎзА