Франциялик фермерлар тракторлари билан Париж атрофидаги асосий йўлларни тўсиб қўйишди. Улар даромад камайиши, субсидия қисқариши ва Европа Иттифоқининг янги экологик талабларидан норози бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозиликка чиқмоқда, деб ёзган “Dautsche Welle”.

Фермерлар душанба куни Париж атрофидаги йирик магистралларни тракторлар билан тўсиб, ҳаркатни чеклаб қўйишди. Пойтахтда жамоат тартибини таъминлаш учун 15 минг полициячи жалб этилган. Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен полициячиларни босиқликка чақираркан, намойишчилардан ҳам чегарадан чиқмаслик, хусусан аэропортни тўсиб қўймасликни талаб қилди.

Оммавий намойиш Франциянинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Фермерлар инфляция, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти ортиши, бюрократия ва ЕИ томонидан қўйилган талаблар туфайли даромад пасайишидан норози.

ЕИ мамлакатлари пестицид ва ўғитдан фойдаланишни қисқартириши, шунингдек 2030 йилгача ўз чегарасидаги қуруқликнинг камида 20 фоизини табиий ҳолатга қайтариши керак. Бу чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги майдони қисқариши, деҳқончилик кам рентабелли соҳага айланиши таҳдидини келтириб чиқариши мумкин, фермерлар айнан шундан хавотирга тушмоқда. Уларнинг кўпчилиги ислоҳот банкротга олиб келишидан қўрқади. “Бизнинг инқирозимиз сизга очлик олиб келади”, “Деҳқонларсиз озиқ-овқат бўлмайди” каби шиорлар ёзилган баннерлар тракторларга илинганини кўриш мумкин.

Ўтган ҳафта Франция ҳукумати муросага келиб, фермерларни дизель ёнилғиси субсидиясидан маҳрум қилмаслигини эълон қилди. Бундан ташқари Париж баъзи экологик талабларни юмшатишга ҳам рози бўлди. Намойишчилар эса бу етарли эмас, деб ҳисобламоқда. Қишлоқ хўжалиги вазири Марк Фесно Президент Эммануэль Макрон билан бирга ЕИ экологик сиёсатига ўзгариш киритишга ҳаракат қилаётганини айтган. Мамлакат Бош вазири Габриэль Атталь эса Қишлоқ хўжалиги касаба уюшмалари миллий федерацияси ва “Ёш фермерлар” ташкилоти раҳбарлари билан учрашди, бироқ бу музокара натижаси ҳақида ОАВда ҳеч қандай хабар берилмади.

Бельгия ва Германияда ҳам фермерлар ўз ҳукуматларининг қишлоқ хўжалиги сиёсатига норозилик билдириш учун баъзи автомагистралларни тўсиб қўймоқда. Ўтган йил декабрь ойидан бери Германияда фермерлар намойиши давом этмоқда. Бир ҳафталик оммавий норозилик 15 январь куни Берлинда ўн минг кишилик митинг билан якунланди. Шундан сўнг ҳам акция қисман давом этди. Масалан, 28 январь куни бир неча ҳудудда юзлаб фермерлар, Магдебургда ўрмон хўжалиги ходимлари митингга чиқишди. Немис фермерлари, худди француз ҳамкасблари каби, ҳукумат субсидияни қисқартиришидан хавотирда. Бюджетни тежаш доирасида 2024 йил немис фермерлари 70 йилдан бери амал қилиб келган дизель ёнилғиси чегирмаси ва солиқ имтиёзидан маҳрум бўлиши керак эди. Молия вазирлиги фикрича, бу чора бюджетдан ҳар йили 480 миллион евро тежашга ёрдам беради. Кейинчалик Берлин ўз режасини тузатишга қарор қилди – имтиёзни тўлиқ ва бир вақтнинг ўзида эмас, балки аста-секин бекор қилишини билдирди. Бинобарин, фермерлар бу вариантдан ҳам мамнун, дея олмаймиз.

Кенжа Бекжонов, ЎзА