Эртага “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2024 йил 1-мавсумига старт берилади

Бугун АОКАда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2024 йил 1-мавсуми бошланишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъуллари “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ва унинг жорий йилдаги биринчи мавсуми бўйича ажратилган маблағлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Қайд этилганидек, кейинги пайтда аҳоли ўртасида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига катта қизиқиш билдирилмоқда. Ҳар бир ҳудуд аҳолиси ушбу лойиҳада фаол иштирок этмоқда.
Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети сиёсати департаменти директори Шерзод Муҳаммедовнинг маълум қилишича, эртага, яъни 1 февраль куни “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2024 йил 1-мавсумига старт берилади.
– Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, туман шаҳар бюджетлари ҳисобидан ушбу 1-мавсумда 3 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда, – деди Ш. Муҳаммедов. – Бу ўтган йилги мавсумлар билан солиштирганда, деярли икки баравар кўпни ташкил этади. Ўтган йили ҳар мавсумда ўртача 1 триллион 300 миллиард ёки 1 триллион 500 миллиард сўм ажратилган эди. Жорий йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси жараёнларини молиялаштириш Давлат бюджетидан жами 8,0 триллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бу жараённи ҳудудлар мисолида кўрадиган бўлсак, 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ҳар мавсумда ўртача 90 миллиард сўмдан маблағ ажратилган бўлса, жорий йил биринчи мавсумининг ўзида 187 миллиард сўм миқдордаги маблағлар йўналтирилаётганини кўришимиз мумкин. Шунингдек, жорий йилги биринчи мавсумнинг ўзида уч мингга яқин лойиҳалар, ғолиб деб топилиши прогноз қилинмоқда. Бунда айрим туман ва шаҳарларда ажратилаётган маблағ миқдори 20 миллиард сўмдан ошиқни ташкил этмоқда.
Таъкидланганидек, жорий йилда анъанага мувофиқ иккита мавсум ўтказилиши режалаштирилган. Биринчи мавсум – февраль-март ойлари ва иккинчи мавсум – июнь-июль ойларида ўтказилади.
– Бунда 1 февралдан 20 февралга қадар фуқаролар томонидан лойиҳаларни илгари суриш, 21 февралдан – 11 мартга қадар келиб тушган лойиҳаларни махсус комиссиялар томонидан саралаб олиш ва 12 мартдан – 31 мартга қадар саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган лойиҳаларга овоз бериш босқичлари ўтказилади, – деди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов. – Овоз бериш жараёни якунларига кўра, амалдаги тартиб асосида ажратилган маблағлар доирасида ҳар бир туман ва шаҳар бўйича энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар “Очиқ бюджет” ахборот портали томонидан автоматик тарзда ғолиб, деб топилади.
Матбуот анжуманида ушбу вазирлик ҳузуридаги ўқув маркази директори Ирода Ҳамидова лойиҳа бўйича ҳудудлар рейтинги таҳлилига эътибор қаратди.
–“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси жараёнларининг 2023 йил якунларига кўра, “Ҳудудлар рейтинги” шакллантирилди ва жамоатчиликка эълон қилинди. Унга асосан аҳоли жалб этилиши бўйича Фарғона вилояти, жамоатчилик назорати бўйича Наманган вилояти ва лойиҳалар ижроси бўйича Хоразм вилоятлари энг фаол ҳудудлар, деб топилди. Шунингдек, тўпланган балларга кўра туман ва шаҳарлар бўйича 83 та ҳудуд – “яшил” тоифага, 82 та ҳудуд – “сариқ” тоифага ва 43 та ҳудуд – “қизил” тоифага киритилди. Бугунги кунда “Қизил” тоифага киритилган ҳудудларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли ҳудудлар билан ишланмоқда, – деди И. Ҳамидова.
Шунингдек, тадбирда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадида амалдаги тартибга тегишли ўзгартиришлар киритилгани ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, Ташаббусли бюджет жараёнлари “Бир фуқаро – бир овоз” тамойили асосида ўтказилади. “Менинг йўлим” лойиҳаси ҳар йили Ташаббусли бюджет жараёнининг биринчи мавсуми билан бирлаштирилган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, лойиҳаларни саралаб олишда шаффофлик ва хаққонийликни таъминлаш мақсадида Ишчи комиссия янгиланган таркиб асосида шакллантирилиши каби ўзгаришлар шулар жумласидандир.
Маълумот ўрнида, 2023 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси жараёнлари учун 2022 йилга нисбатан қарийб икки бароварга кўп маблағлар йўналтирилган. Ўтказилган иккита мавсум доирасида маҳаллаларда умумий қиймати 4,2 триллион сўмлик 4 минг 183 та лойиҳа амалга оширилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА