“Ўзсувтаъминот”: аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда

Аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилда мамлакатимизда ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74,4 фоиздан 77,2 фоизга кўтарилди. Мақсадли давлат дастурлари доирасида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув хизматларини яхшилаш бўйича 2 минг 598 та объектда 11 минг 207 км ичимлик, 593 км оқова сув тармоқлари ҳамда 1 минг 740 та ичимлик суви, оқова сув иншоотлари қурилди ва реконструкция қилинди.
Хусусан, йирик лойиҳалардан “Тўпаланг” сув омбори манбалари ҳисобига ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида 1,4 триллион сўм ҳисобига 147 км тармоқ тортилиб, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон туманларининг 273 та маҳалласида истиқомат қилувчи 1,1 миллион нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти ва сифати тубдан яхшиланди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти ҳамда мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Таъкидланишича, “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳри аҳолисининг ичимлик суви таъминоти яхшиланган.
Халқаро молия институтлари лойиҳалари асосида амалга оширилган ишлар ҳам эътиборга молик. Жумладан, 2023 йилги Инвестиция дастурига кўра, 22 та лойиҳа доирасида жами 425 км ичимлик ва 100 км оқова сув тармоғи қурилган.
Шу билан бирга, 10 та сув тақсимлаш иншооти ва 19 та оқова сув насос станциясида, жумладан, Қибрай, Тошкент туманларида 4 тадан ва Зангиота туманида 2 та сув тақсимлаш иншооти ҳамда Гулистон шаҳрида 9 та, Янгиер шаҳрида 6 та, Ширин ва Жиззах шаҳарларида 2 тадан оқова сув насос станциясида қурилиш ишлари якунланди.
2023 йилда барча лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида республикадаги 2 мингдан ортиқ маҳалладаги 1,1 миллион нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, 2,5 миллион нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланган. Марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган 1 134 та аҳоли яшаш пунктига сув таъминоти корхоналарига тегишли 214 та, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли 1 112 та махсус сув ташиш техникалари орқали ичимлик сувининг узлуксиз етказиб берилиши таъминланган.
Шунингдек, Андижон вилояти аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 91 фоизга ва Хоразм вилоятининг бу кўрсаткичи 90 фоизга етказилган.
Қайд этилишича, бир йил давомидаги ичимлик суви таҳлиллари сони 2,5 миллиондан 2,9 миллионга оширилган. Ичимлик ва оқова сув сифатини назорат қилувчи 20 та лаборатория, жумладан, Бухоро вилоятида 6 та, Тошкент вилоятида 5 та, Сирдарё вилоятида 2 та, Жиззах вилоятида 2 та ҳамда Қорақалпоғистон Республикада 5 та лаборатория Ўзбекистон давлат стандарти талабларига мувофиқ техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш сертификаттга эга бўлган.
2023 йилда истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ва шаффофлигини ошириш мақсадида ичимлик ва оқова сув хизматларини ҳисобга олиш ҳамда назорат қилишнинг автоматлаштирилган «Uzwater» ягона биллинг тизими ишга туширилган.
2020 йилда истеъмолчиларнинг тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш улуши 15 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 70 фоизга етказилган.
Қолаверса, истеъмолчилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳадаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли назоратчилари учун инсон омилисиз рақамлаштирилган KPI тизими жорий этилгани қайд этилди.
– Бугунги кунда соҳадаги 2,3 мингта назоратчи ходимнинг иш самарадорлиги мазкур KPI тизими орқали баҳоланиб келинмоқда, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. – Айтиш мумкинки, барча кўрсаткичларни бажарган ходимларга 8,5 миллион сўмгача иш ҳақи белгиланмоқда.
Шунингдек, соҳа бўйича келиб тушаётган мурожаатларни тезкорлик билан ўрганиш учун “SuvniAsra” тизими жорий қилиниб, ушбу тизим орқали мурожаатчилар исталган жойдан хабар бериши учун мобиль илова яратилди ҳамда @suvmuammobot телеграм боти орқали мурожаат қолдириш имкони яратилди.
Тизимда 24/7 режимида ишлайдиган 12-55 қисқа рақамли “Ягона call маркази” фаолияти такомиллаштирилди.
2023 йил январь- декабрь ойлари давомида call-марказга 145,2 минг мурожаат келиб тушган, шундан 85 фоизи ижобий ҳал этилган, 15 фоиз мурожаат назоратда.
Бундан ташқари, аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлаш мақсадида “Сувтаъминот | Водоснабжение” (uzsuv_chat) телеграм чати ҳамда соҳада коррупцион ҳолатлар юзасидан мурожаатларни қабул қилиш учун алоҳида телеграм-бот (@uzsuvanticorruptionbot) фаолияти доимий йўлга қўйилган.
Тадбир якунида мутасаддилар 2024 йилда амалга оширилиши белгиланган асосий вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.
ОАВ вакиллари соҳага оид саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири