Туркия таҳлил марказлари билан ҳамкорлик ривожланади
Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида минтақалар аро кун тартибидан келиб чиқиб, икки мамлакат шериклигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболи, шунингдек институтнинг Туркия эксперт ва таҳлилий доиралари билан ҳамкорлиги масаласи муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги мустаҳкам ва кўп қиррали ҳамкорлик доимо муштарак маданий, тил, диний ва анъанавий қадриятларга таянганини таъкидладилар. Бинобарин, ўзаро муносабат чинакамига мустаҳкамланиши 2016 йил Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувига келиши билан боғлиқлиги эътироф этилди.
Таъкидланганидек, мавжуд ҳамкорлик халқаро тузилмалар доирасида ҳам жадал ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон 2019 йил аъзо бўлган Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги кўп томонлама муносабат тараққиётида республикамизнинг саъй-ҳаракати муҳим ўрин тутмоқда.
Элчининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг аъзоликка қабул қилиниши нафақат ташкилотни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлади, балки ТДТнинг бошқа иштирокчилари фаоллигини оширишга ҳам хизмат қилди. Бу эса тузилманинг роли ортиб бораётганидан далолат.
Турк дипломати минтақавий интеграция жараёнида мақсадли тадқиқот олиб бориш учун МОХИ билан шериклик алоҳида аҳамият касб этишини ҳам таъкидлади.
Учрашув якунида элчи Туркиянинг етакчи таҳлилий марказлари – Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SEТА) ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази (SАМ) билан ҳамкорлик ўрнатишда МОХИга амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА