Ер ижарасида янги тартиб: электрон онлайн аукцион тизими рақобат муҳитини яхшилайди

331

Фармон ва шарҳ

Шу пайтгача агросаноат кластерларига ер участкалари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимликлари таклифи билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўғридан-тўғри ижарага берилар эди. 

Бундай тартиб бошқа тадбиркорлик субъектлари ва агросаноат кластерлари ўртасидаги тенг рақобат муҳитининг таъминланишига йўл қўймаётгани сир эмас эди.

Президент фармони билан бу амалиётга чек қўйилди. Энди агросаноат кластерлари ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали ёки йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш йўли билан ижарага олишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 18 январда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ушбу ҳужжат мамлакатимизда кейинги йилларда бошланган ер муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда муҳим аҳамиятга эга.

Сўзимиз аввалида фармоннинг биргина бандига қисқача тўхталдик. Қуйида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришдаги янги тартиблар ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

– Президентимизнинг ушбу фармонини том маънода мамлакатимиздаги ер ислоҳотининг навбатдаги босқичи сифатида кўришимиз мумкин, – дейди Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов. – Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда янги механизм жорий қилинмоқда. Энда бундай ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали 30 йилга ижарага берилади. Ер ижарачига бу усулда берилса, нархни ошириб бориш тамойилига амал қилинади. Бунда бошланғич нарх ер участкасининг норматив қиймати миқдорида белгиланади.

Айтайлик, кимдир ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдоларида ғолиб бўлди. Ғолиб ўз навбатида, ер участкаси нархини уч йил муддатда ҳар ойда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш мажбуриятини олади. Бу тартиб ижтимоий дафтарда рўйхатда турадиганларга бошқачароқ жорий қилинган.

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турганлар худди шундай аукционда ғолиб бўлса, тўловда нисбатан қулайроқ тартиб қўлланилади. Уларга ер участкаси нархини беш йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилмоқда. Бу ўринда ижарага олувчи ердан деҳқон хўжалиги, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун фойдаланиши лозим.

Фармон билан ер участкасини ижарага олганларга яна бир муҳим қулайлик яратилди. Энди улар ижарага олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини бошқа шахсга ижарага бера олади.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, ижарачи белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Бу жараёнда эътибор қаратиш муҳим бўлган жиҳатлар бор. Бунда ижарага олувчи ерга ижара ҳуқуқини бошқага ўтказишдан олдин ундан камида уч йил фойдаланган бўлиши керак. Агар ер 2021 йилгача бўлган даврда ҳоким қарори билан олинган бўлса, фойдаланилган давр камида беш йил бўлиши лозим. Эътибор қаратиш муҳим бўлган яна бир томони, ижарага олувчи тегишли тўлов мажбуриятини тўлиқ бажарган бўлиши шарт.

– Эски тартибда ҳам ижарага олувчи ер участкасини гаровга қўйиши мумкин эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бош маслаҳатчиси Толмас Қуроқбоев. – Лекин гаров мажбурияти таъминлай олинмаган ҳолатда гаровга олувчи – тижорат банки томонидан ер майдони хатлаб қўйиларди. Бу ҳолатда ер актив сифатида “музлар” эди. Президент фармони бу каби жараённи бозор тамойили асосида ерни фуқаролик ҳуқуқий муносабатларининг эркин активи сифатида жорий этиш имконини берди. Бу нима дегани? Ернинг гаровга қўйилган қисми учун мажбурият таъминланмаганда ер қайта ижарага берилиши мумкин. Ижарадан тушган маблағлар суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ тасдиқланади.

Бир сўз билан айтганда, бу ҳужжат мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тизимини соддалаштириш, жараёнларда шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Ерни муносибларга топшириш самарани, юқори ҳосилдорликни таъминлайди. Бу юртнинг ободлиги, халқнинг дастурхони тўкинлигига хизмат қилади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири