Хорижий инвестицияларга таъсир этувчи қандай чора-тадбирлар ишлаб чиқилган? – Мутахассис жавоб берди

Бугунги давр ҳар бир мамлакат учун иқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестицион муҳитни яхшилаш талабини қўймоқда. Негаки, кўплаб соҳалар, жумладан, иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, иқлим ўзгаришидаги муаммолар ечимида инвестиция маблағларини жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабабли, қайси бир ривожланган ёки ривожланаётган давлатлар бўлмасин, кейинги пайтларда бу каби маблағларга эҳтиёж сезилмоқда.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Музаффар Каримовнинг қайд этишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси – UNCTAD маълумотларида дунёда инвестицион муҳит ўрганилган. Унга кўра, биргина 2022 йилда кўплаб мамлакатлар инвестиция сиёсати чораларини ишлаб чиқиш бўйича ўз фаолиятини кучайтиргани кузатилган.
–Шундан келиб чиқиб, илмий муассасамиз олимлари томонидан дунёда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар сиёсатининг бугунги йўналишлари ва Ўзбекистондаги вазият ўрганиб чиқилди, – деди М.Каримов. – Унга кўра, 66 та мамлакат хорижий инвестицияларга таъсир қилувчи 146 та чора-тадбирни жорий қилган. Ўзбекистон ҳақида тўхталганда, 2021 йилда хорижий инвестициялар билан боғлиқ 2 та чора-тадбир қабул қилинган бўлса, 2022 йилда уларнинг сони 4 тани ташкил этган.
2022 йилда қабул қилинган хорижий инвестицияларга таъсир этувчи чора-тадбирларнинг 70 фоизи инвестициялар учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган бўлиб, уларнинг 3/4 қисми ҳар доимгидек ривожланаётган мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистонда қабул қилинган.
Икки томонлама инвестиция шартномаларини ислоҳ қилишни фаоллаштириш жараёни давом этмоқда. 2022 йилда амалдаги Икки томонлама инвестиция шартномаларининг умумий сони 2 минг 584 тани ташкил этди. Бунинг 2 минг 300 га яқини 2012 йилгача қабул қилинган эски авлод шартномаларидир.
Ўзбекистонда амалдаги икки томонлама инвестиция шартномалари 49 тани ташкил этади. Улардан фақат 5 таси 2012 йилдан кейин имзоланган янги авлод шартномаларидир. Янги авлод шартномалари асосан давлатнинг инвестиция тизимини назорат қилиш, тартибга солиш ва бошқариш ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, шу жумладан, миллий хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат инвестицияларини қўллаб-қувватлаш, узоқ муддатли мажбуриятлардан воз кечиш ва шартномаларни ўзгарувчан иқтисодий воқеликка мослаштириш имкониятларини ўз ичига олади.
2020 йилда UNCTAD мамлакатларнинг ривожланишини баҳолаш бўйича янги восита – Ишлаб чиқариш салоҳияти индекси (PCI)ни таклиф қилди. У анъанавий ЯИМ кўрсаткичининг муқобили бўлиб, ислоҳотлар ўтказилиши зарур бўлган соҳаларни аниқлашда ёрдам беради.
Ўзбекистоннинг 2022 йилги PCI баҳоси 42 баллни ташкил этди. Дунё бўйича ўртача кўрсаткич эса 46,8 баллга тенг. Ўзбекистон табиий капиталнинг мавжудлиги ва ундан фойдаланиш бўйича дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан катта устунликка эга бўлса-да, «Транспорт» (дунё бўйича ўртача 34,1 баллга нисбатан 25 балл), «Хусусий сектор» (50,8 баллга нисбатан 34,9 балл), «Институтлар» (51,9 баллга нисбатан 38,4 балл) ва «Инсон капитали» (44,6 баллга нисбатан 36,9 балл) субиндекслари бўйича ортда қолмоқда.
Умуман олганда хорижий инвестициялар соҳасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсат кўп жиҳатдан жаҳондаги тенденцияларга мос келади. Шунга қарамай, ислоҳотларнинг мақсадга мувофиқлигини кучайтириш, ишлаб чиқаришнинг орқада қолаётган соҳаларига эътибор қаратиш республиканинг янада комплекс тарзда ва мутаносиб ривожланишига олиб келади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди