Азиз Абдуҳакимов: «Иссиқхоналарга фильтрлар ўрнатилмаса, атмосферани тозалаш ҳақида гапириш фойдасиз» (+видео)

Парламент қуйи палатасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимов иссиқхоналарга фильтрлар ўрнатилиши лозимлигини таъкидлади.
– Сўнгги йилларда иссиқхоналар 2,5 бараварга етган. Уларнинг 60 фоизининг асосий иситиш манбаи кўмир ҳисобланади. Тадбиркорларга тушунтириш олиб борилганда фильтрлар ўрнатиш айтилади. Аммо уларнинг қимматлиги бўйича эътироз билдирилади. Бунга ечим топиш, банклар билан ишлаб, ҳар бир иссиқхонага банкларни бириктириб, яшил кредитлар яъни, енгилроқ ечимни топиш устида ишлар олиб борилмоқда. Иссиқхоналарга фильтрлар ўрнатилмаса, Тошкентнинг атмосферасини тозалаш ҳақида гапиришнинг фойдаси йўқ, – деди вазир.
Шунингдек, А.Абдуҳакимов паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан (АИ-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш мақсадга мувофиқлигини билдирди.
– Ўтган 2023 йилда атмосфера ҳавосига ташламалар 2 138,3 минг тоннани ташкил этган бўлса, улардан 1 279,9 минг тоннаси ёки 59,9 фоизи автотранспорт воситалари, 858,4 минг тоннаси ёки 40,1 фоизи саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келган.
Атмосфера ҳавосига ташламалар бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент вилояти (679,7 минг тоннани ташкил этган) ҳиссасига тўғри келган. Бунда автотранспорт воситаларининг улуши 252,1 минг тонна, саноат корхоналарининг улуши 427,6 минг тоннани ташкил этган.
Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосига 417,6 минг тонна, хусусан, автотранспорт воситаларидан 396,6 минг тонна ёки 95 фоиз, саноат корхоналаридан 21 минг тонна ёки 5 фоиз ташламалар чиқарилган.
Президентимиз раислигида ўтган йиғилишда сифати паст бензиндан воз кечиш ҳақида айтилди. “Евро-4″ ва ундан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан (АИ-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш мақсадга мувофиқ. АИ-92 бензинга ўтиш ва уни четдан арзонроқ нархда олиб келиш чораларин кўриш лозим, – деди вазир.
М.Комилова, ЎзА