Мактабларда “Қалқон” жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади

Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб номланиши ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасида олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Хусусан, 2024 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ёшлар дастурлари ишлаб чиқилди ва ҳудудларда ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича 8 та йўналишда устувор вазифалар ва бу борада ҳар чоракда эришиладиган прогноз кўрсаткичлар белгиланмоқда.

Жумладан, вазирлик идора ва ташкилот раҳбарларига 144 минг 738 нафар алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар бириктирилади. Улар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, муаммоларини ҳал қилиш орқали ҳаётда ўз ўрнини топишлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш чораларини кўради.
“Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилиб, жами 412 минг 528 нафар ёш, жумладан, 190 минг 529 нафар ишсиз ва 221 минг 999 нафар мактаб битирувчилари бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Шунингдек, тарғибот ва тушунтиришлар орқали 696 минг нафар норасмий секторда банд бўлган ёшлар ўзини-ўзи банд қилиш орқали расмий секторга ўтказилади.
Хорижий давлатларда меҳнат фаолиятини юритаётган ва кўмакка муҳтож бўлган 189 593 нафар ёш муаммоларини ҳал этиш, уларни Ватанга қайтариш ҳамда касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш ишлари амалга оширилади.

Ёшлар етакчиси тавсияси билан бериладиган ёрдам турлари трансформация қилиниб, асосий эътибор ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш ва ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини оширишга қаратилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 272 минг 750 нафар ёшга “Ёшлар дафтари” тизими имкониятлари орқали амалий ёрдам кўрсатиш чораси кўрилади.
Шу билан биргаликда, ёшлар ўртасида жиноятчиликни кескин камайтириш мақсадида жиноятчиликка мойиллиги бор бўлган ёшлар рўйхати шакллантирилади ва улар билан манзилли ишлашга қаратилган “Ҳаракатлар режаси” ишлаб чиқилади.
Жиноят содир этишга мойил бўлган ёшлар ҳарбий ватанпарварлик оромгоҳларига жалб этилади. Шунингдек мактабларда ҳам “Қалқон” жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Бу орқали, 2024 йилда ёшлар ўртасида жиноятчилик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган зарур чоралар кўрилади.
Ёшлар ишлари агентлиги маълумотига кўра, 2024 йил 1 мартдан бошлаб “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида танлов ва мусобақаларни маҳалла, мактаб, профессионал таълим, олийгоҳларга қўшимча равишда корхона ва ташкилотлар тизимида ўтказиш амалиёти жорий этилади.
Иқтидорли ёшларни излаб топиш, истеъдодини рўёбга чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш тизими такомиллаштирилади.
Ушбу йўналишдаги чора-тадбирларга 4,6 миллион нафар ёш қамраб олинади.
Жумладан, “Ибрат фарзандлари” YouTube платформаси орқали 1,2 миллион, “lbrat Academy” мобил иловаси орқали 1,1 миллион, “UzChess” лойиҳасига 580 минг, волонтёрлик ва лидерлик лойиҳаларига 543 минг ҳамда интеллектуал ўйинларга 1,1 миллион нафар ёшни кенг жалб қилиш чоралари кўрилади. Ҳудудларда жами 989 та ёшлар инфратузилмалари барпо этилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқариш учун қўшимча зарур шароитлар яратилади.
Хусусан, 280 та мактаб, 247 та спорт майдончаси, 105 та ёшлар сайилгоҳи, 93 та ёшлар ижод кўчаси, 11 та “Креатив парк”, 80 та кутубхона, 59 та “бук кафе”, 34 та “киберспорт клуби”, 6 та “диско” майдон, 1 та саноат зонаси, 3 та ёшлар маркази ва 70 та бошқа турдаги объектлар барпо этилади.
Бу тизимни ҳаётга татбиқ этиш натижасида 2024 йилда жами 15 миллиондан ортиқ ёш қамраб олиниши режалаштирилган.
Ўтган йилда орттирилган тажриба асосида, жорий йил январь ойида маҳаллаларда янгидан хатлов ишлари амалга оширилмоқда ва ёшларнинг муаммоси ва қизиқишидан келиб чиқиб, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилади.
Хулоса ўрнида айтганда, ёшлар дастурларида илгари сурилган ёшлар сиёсатига оид таклиф ва ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ёшларимизнинг Ватанимиз тараққиётидаги масъулияти ва ўрнини оширишда қатор натижаларга эришиш имконини беради.
Гулноза Бобоева, ЎзА