2023 йилда 10 минг 306 килограмм гиёҳвандлик воситаси аниқланган

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласи билан боғлиқ жиноятлар жамият ҳаётига, миллат генофондига салбий таъсир кўрсатади.
Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган статистик рақамларга кўра, гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш билан боғлиқ 2020 йилда 1 минг 874 та, 2021 йилда 2 минг 91 та, 2022 йилда 2 минг 427 та, 2023 йилда 3 минг 13 та жиноятлар аниқланган. Бу каби воситалар миқдори ҳам ортган — 2022 йилда 2031, 2023 йилда 10 минг 306 килограмм гиёҳвандлик воситаси аниқланган бўлса, психотроп моддалар 2022 йилда 81 кг, 2023 йилда эса 172 кг муомаладан олинган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, шунингдек, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаласига қарши курашишга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шавкат Раҳмонов маъруза қилди:
— Бугунги кунда вояга етмаган шахсларни жалб қилган ҳолда ҳамда телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш орқали гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаласи кўпайиб бораётганлиги ушбу ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Шу билан бирга, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда тарғиб қилувчи материалларни тарқатганлик ёки реклама қилганлик учун одиллик принципига мувофиқ жазо чораларини қўллаш мақсадида ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш зарурати мавжуд.
Мазкур қонун лойиҳаси билан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамиятини эътироф этган ҳолда айрим таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА