Қатар Бош вазири Шайх Муҳаммад ибн Абдулраҳмон бин Жассим Ол Соний маълумот беришича, ушбу мамлакат вакиллари Миср, Исроил ва АҚШ разведка идоралари билан бирга Ғазода сулҳ тузиш ва асирларни озод қилиш устида иш олиб бормоқда.
Доҳалик расмий ўтган ҳафта охирида ушбу гуруҳ фаолиятида Исроил – ХАМАС ўртасида сулҳ тузилишини таъминлаш ва гаровдагиларни қутқариш бўйича ижобий ўзгариш кузатилганини айтди.
7 октябрдан буён жангни тўхтатишга қаратилган музокарага етакчилик қилаётган уч давлат расмий вакиллари бу гал Франция пойтахти Парижда учрашди.
Қатар ҳукумати раҳбари таъкидлаганидек, биринчи навбатда аёллар ва болаларни озод қилиш, қамалдаги Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами киритишни назарда тутувчи сулҳ жараёни муҳокама қилинган.
Бош вазир томонларнинг жараённи янада фаоллаштиришига умид билдирган ҳолда, кўриб чиқилган таклифларни ХАМАСга етказишга ваъда берган.
Қатар ва АҚШ иштирокида ўтган йил ноябрь ойи охирида кечган музокара бир ҳафта давом этган эди. Келишув натижасида Ғазодаги Фаластин гуруҳлари томонидан қўйиб юборилган 100 дан ортиқ асир Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 200 дан зиёд фаластинлик эвазига озод қилинган.
Шундан буён оилалар Нетаньяху ҳукуматига ўз яқинларини қайтаришни таъминловчи келишувга эришишни сўраб келади.