АҚШнинг Яқин Шарқдаги кучларига октябрдан буён 165 марта ҳужум қилинган

2023 йил 17 октябрдан буён АҚШнинг Яқин Шарқдаги кучлари 165 марта ҳужумга учради, деб баёнот берди мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх журналистлар учун уюштирилган брифингда.

– 17 октябрь-23 январь оралиғида 165 ҳужум қайд этилди: 66 та Ироқда, 98 та Сурияда ва охиргиси Иорданияда, – деди Пентагон вакили.

Япония Бош вазири КХДР етакчиси билан учрашиш тарафдори

Япония Бош вазири Фумио Кисида парламентга тақдим этган дастурий маърузасида Пхеньян билан муносабатга оид муаммони ҳал этиш учун Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан учрашиши зарурлигини маълум қилди.

Аввалроқ Жанубий Корея матбуоти КХДР ва Япония вакиллари 2023 йил икки учрашув ўтказганини ёзган эди. Ўғирлаб кетилган кун чиқар юрт фуқаролари масаласи муҳокама қилинган учрашув учинчи мамлакатда ташкил этилган. Япония ҳукумати бу хабарни расман тасдиқлагани йўқ.

JPost: ХАМАС гаровга олинганларни озод этиш қарорини рад этган

ХАМАС ҳаракати Миср, Исроил, Қатар ва АҚШ иштирокида Парижда бўлиб ўтган музокарада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод этиш бўйича илгари сурилган таклифларни рад этган, деб хабар тарқатди “The Jerusalem Post” газетаси.

ХАМАС ва Фаластин Халқ озодлик жабҳаси таъкидлашича, ушбу таклиф ўт очишни бутунлай тўхтатишни назарда тутмаган.

Ҳиндистон 19 нафар покистонлик денгизчини озод қилди

Ҳиндистон ҳарбий денгиз кучларига қарашли кема экипажи “Al Naeemi” кемасини 19 нафар Покистон фуқароси билан бирга қароқчилардан қутқарди. “India TV” телеканали хабар беришича, кема сомалилик 11 қароқчи томонидан эгаллаб олингач, ҳалокат чақируви (SOS)ни чалган.

2023 йил АҚШ бошқа мамлакатларга 80,9 миллиард долларлик мудофаа маҳсулоти етказиб берган

Ушбу рақам Давлат департаменти сайтида эълон қилинган 2023 йилги молиявий  ҳисоботда келтирилган.

Бу борада экспорт ўсиши 55,9 фоизни ташкил этди. 2022 йил ушбу кўрсаткич 51,9 миллиард доллар эди. “Бу иттифоқчилар ва шерикларга кўрсатилган энг юқори йиллик сотув ва ёрдам ҳисобланади”, – дейилади ҳужжатда.

Колумбияда Ал-Ниньо феномени сабаб бир йиллик фавқулодда вазият жорий қилинди

Колумбия Президенти Густаво Петро иқлим билан боғлиқ Ал-Ниньо феномени шароити боис мамлакатда бир йиллик муддат билан фавқулодда ҳолат эълон қилди, деб хабар тарқатди давлат раҳбари маъмурияти матбуот хизмати.

Фармонда таъкидланишича, алоҳида тартиб 12 ойга чўзилади. Мазкур чора табиий офатлар оқибатини бартараф қилиш учун бюджетдан қўшимча маблағ ажратиш имконини беради. Мамлакатда бир неча ойдан буён  аномал иссиқ кузатилмоқда.

Шинжон ҳукумати сайёҳлар оқимини 300 миллион кишига етказмоқчи

ХХР Шинжон-Уйғур мухтор тумани раҳбарияти  йиллик сайёҳ оқимини 300 миллион кишига етказмоқчи. Бу ҳақда ҳудуд Халқ ҳукумати маърузасида келтирилган.

“Kazinform ёзишича, ўтган йил туманга 265 ммиллионга яқин турист келган. Бу аввалги йилдан 117 фоиз кўп. Соҳа даромади эса 41,78 миллиард долларни ташкил этган.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади, ЎзА