Футбол
Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси – “IFFHS” 2023 йил якуни бўйича жаҳоннинг энг кучли жамоалар рейтингини эълон қилди. Ушбу рўйхатни тузишда жамоаларнинг 2023 йил 1 январдан 31 декабргача бўлган муддатда қайд этган кўрсаткичлари асос қилиб олинди.
Унга кўра, ўтган йили Англия чемпионлиги, мамлакат кубоги ва Европа чемпионлар лигасида ғолиб чиқиб, требл қайд этган “Манчестер Сити” дунёнинг энг кучли жамоаси сифатида қайд этилди. Кучли учликдан Мадриднинг “Реал” ва Миланнинг “Интер” жамоалари ҳам жой олди.
Биз учун аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон клублари ўртасида етакчилик “Насаф” клубига насиб қилди. Қарши шаҳри жамоаси янги рейтингда ўн поғона кўтарилиб, умумий рейтингнинг 204-поғонасидан ўрин эгаллади. Наманганнинг “Навбаҳор” клуби эса рейтингда 209, мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони 377-қаторга жойлашди.
Дзюдо
Париж шаҳрида дзюдо бўйича “Катта Дубулға” турнири 2-4 февраль кунлари ўтказилишидан хабарингиз бор. Унда дунёнинг 111 мамлакатидан 667 нафар спортчи иштирок этади.
Ўзбекистон терма жамоаси эса мусобақада қуйидаги таркибда иштирок этади:
Эркаклар:
-60 кг: Достон Рўзиев
-66 кг: Мухриддин Тиловов
-73 кг: Муроджон Йўлдошев
-73 кг: Шаҳрам Аҳадов
-81 кг: Мусо Собиров
-81 кг: Шарофиддин Болтабоев
-90 кг: Давлат Бобонов
-100 кг: Музаффарбек Тўрабоев
+100 кг: Алишер Юсупов
Аёллар:
-48 кг: Ҳалима Қурбонова
-52 кг: Сита Қадамбоева
-57 кг: Шукуржон Аминова
-57 кг: Нилуфар Эрмаганбетова
-63 кг: Севинч Исоқова
-70 кг: Шоҳиста Назарова
-70 кг: Гулноза Матниёзова
-78 кг: Ирисхон Қурбонбоева
+78 кг: Рината Илматова.
Қиличбозлик
Қатарнинг Доҳа шаҳрида қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича халқаро Гран-при мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Мазкур нуфузли турнирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларидан Жавоҳирбек Нурматов, Нодирбек Мўминов иштирок этмоқда. Уларга миллий терма жамоанинг шпага бўйича мураббийи Руслан Кудаев ҳамроҳлик қилмоқда.
Оғир атлетика
Жорий йилнинг 1–10 февраль кунлари пойтахтимизда оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Мазкур чемпионатда “Париж-2024” Олимпиадасининг рейтинг очколари ўйналади. Чемпионатни ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этиш борасида Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва тегишли ташкилотлар томонидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Сув спорти
Самарқандда сув полоси бўйича 2010-2012 йилларда таваллуд топган ва ундан кичик ёшдаги спортчилар ўртасида вилоят биринчилиги ўтказилди. Унда “Ёшлик” жамоаси мусобақа ғолиби бўлди. “Бургут” ва “Қалдирғоч” жамоалари эса иккинчи ҳамда учинчи ўриндан жой олди.
Таэквондо
Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон кадетлар ва ўсмирлар терма жамоалари ассоциация базасида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Мазкур ўқув-машғулот йиғини доирасида мураббийлар штаби спортчиларнинг маҳоратини текшириш мақсадида спарринг беллашувларини ташкил этмоқда. Йиғин жорий йилнинг 9-14 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказиладиган “Turkish open – 2024” мусобақаси учун тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА