Боррель: Марказий Осиё аввал эътибордан четда эди

341

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррель Брюсселда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” анжуманида сўзга чиқиб, минтақамиз давлатларини “тўрт йил аввал бироз эътиборсиз қолган” эди, ҳозир эса “воқеалар марказида”, дея таъкидлади.

ЕИ минтақа давлатлари билан ҳамкорликни, айниқса, Россияга қарши санкция самарадорлигини таъминлаш учун мустаҳкамлашни истайди.

“РИА Новости” ёзишича, Европа дипломатияси раҳбари Брюсселда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари иштирокида бўлиб ўтаётган ЕИ ва МО мамлакатлари ўртасидаги транспорт алоқаларига бағишланган инвестиция форумида, жумладан, шундай деган:

– Ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда Марказий Осиё Европа Иттифоқининг асосий ҳамкорига айланиб бормоқда. Тўрт йил олдин Брюсселда иш бошлаганимда Марказий Осиё бироз четда, дегандим. Энди эса минтақа барча воқеалар марказида турибди.

Санкция самара бериши учун биз Марказий Осиё давлатлари ва Россия ўртасидаги савдо-сотиқни диққат билан кузатиб борамиз, чеклов чораларини четлаб ўтишга имкон берувчи механизмни таҳлил қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борадаги ҳамкорликни янада кучайтиришимиз керак, чунки халқаро глобал муаммоларга қарши биргаликда курашиш зарур.

Шунингдек, у “инфратузилмани ривожлантириш орқали ЕИ ва МО давлатлари ўртасида транспорт тизимини мустаҳкамлаш, умумий қадриятларни ҳимоя қилиш йўлидаги фаолият ёруғ келажакни баҳам кўриш мақсадида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий мақсадга жавоб бериши” кераклигини қўшимча қилган.