Иш ҳақини ҳимоя қилишга оид конвенция ратификация қилинади

260

Инсон манфаатлари таъминланишида муносиб иш шароити ва иш ҳақининг эҳтиёжларга мослигига эътибор қаратиш муҳим ўрин тутади.

Шу мақсадда меҳнаткашлар манфаатларни ҳурмат қилиш тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда иш ҳақи тўланишини таъминлашга қаратилган халқаро ҳуқуқий базага миллий қонунчилик мослаштирилмоқда.

“Халқаро меҳнат ташкилотининг Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли Конвенциясини (Женева, 1949 йил 1 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида мазкур қонун муҳокама қилинди. Миллий қонунчиликнинг Конвенция қоидаларига мувофиқлиги, уни ратификация қилишдан кутилаётган натижалар ва кейинчалик амалга ошириш механизмлари кўриб чиқилди.

Конвенциянинг ратификация қилиниши миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва халқаро меҳнат стандартларини самарали жорий этишни таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг меҳнаткашлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича асосий халқаро тамойил ва стандартларга содиқлигини намойиш этади.

Мажлисда Сенат кенгашининг 2023 йил 5 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Махсус иқтисодий зоналар фаолиятини янада такомиллаштириш ва уларга хорижий инвестицияларни жалб қилиш самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни амалга ошириш учун масъул вазирлик ва идораларнинг ахбороти эшитилди.

Бу борада салмоқли ишлар амалга оширилган, хусусан, махсус иқтисодий зоналар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, зоналар резидентлари томонидан импорт қилинадиган хомашё ва экспорт қилинадиган маҳсулотларни божхонада тартибга солиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Сенаторлар “Йўл харитаси”нинг бир қатор бандлари тўлиқ ва ўз вақтида бажарилмагани учун қатор масъул идораларни танқид остига олди. Мисол учун, махсус иқтисодий зоналарни ўрта муддатли истиқболда табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш чора-тадбирлари режаси Энергетика вазирлиги томонидан ҳалигача тасдиқланмаган. Махсус иқтисодий зоналарнинг бўш турган ва фойдаланилмаётган бино ва иншоотлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан хатловдан ўтказилмаган ва уларни амалга ошириш бўйича таклифлар киритилмаган.

“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини хорижлик экспертларнинг тавсияларидан келиб чиқиб, такомиллаштириш зарурлигига ҳам эътибор қаратилди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА