Фидойилик ва жасорат тимсоли

Халқини тинчликда, омонликда сақлаш, мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, жонажон Ўзбекистонимизни осойишта, хавф-хатардан йироқ бўлишини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳаёт мазмуни эди.
Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йилнинг 30 январида Самарқанд шаҳрида оддий хизматчи оиласида таваллуд топди. 1945 йилда Самарқанддаги А.С.Пушкин номидаги 21-мактабга ўқишга кириб, уни олтин медаль билан тамомлади.
1955 йилда Ислом Абдуғаниевич Ўрта Осиё политехника институтига ўқишга кирди. 1960 йилда уни тамомлаб ва “муҳандис-механик” мутахассислиги бўйича диплом олиб, “Ташсельмаш” заводида ўз меҳнат фаолиятини бошлади ва қисқа давр ичида уста ёрдамчиси, уста ва технолог каби лавозимларда ишлашга улгурди.
Интилувчанлиги, билимдонлиги ва ташкилий фазилатлари туфайли 1961 йилда у собиқ Совет Иттифоқининг ҳарбий-саноат мажмуасининг йирик корхоналаридан бирида – Тошкент авиация заводида муҳандис лавозимига тайинланди. Бу ерда у 1966 йилгача ишлаб, етакчи муҳандис-конструктор лавозимигача кўтарилди.
Мактаб йилларида, институтда, ишлаб чиқаришдаги меҳнат фаолиятида ва иқтисодий таълим олаётганида ва диссертациясини ҳимоя қилганида ҳам у ўз кучи ва билимига таянди. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олди. Айнан шу тарзда 1967 йилда у Тошкент халқ хўжалиги институтининг кечки бўлимини тамомлади.
1973 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтида “Ўзбекистон саноатининг тармоқ тузилиши ва уни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
1975 йилда Москвада нуфузли Халқ хўжалиги бошқаруви институтида иқтисодий-математик усуллар ва ҳисоблаш техникасини қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш ва режалаштиришни бошқариш, ташкил қилиш замонавий усуллари соҳаси бўйича таҳсил олди. 1994 йилда унга иқтисод фанлари доктори илмий даражаси, “макроиқтисодиёт” ихтисослиги бўйича профессор илмий унвони берилди. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг “иқтисодиёт” ихтисослиги бўйича ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
1966 йилдан бошлаб Ислом Каримов Ўзбекистон Давлат режа қўмитасида ишлаб, фан бўлими бош мутахассиси лавозимидан Давлат режа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача йўлни босиб ўтди. 1983 йилда Молия вазири, 1986 йилда Министрлар Кенгаши раисининг ўринбосари – Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси раиси бўлди.
Иқтисодчи, назариячи ва амалиётчи Ислом Каримов хўжалик юритишнинг маъмурий-буйруқбозлик тизими бутунлай нотўғрилигини кўриб англаган. Республиканинг молиявий-иқтисодий ривожланиши режаларини шакллантирган Давлат режа қўмитасида ва Молия вазирлигида хизмат пиллапояларидан ўтаётиб, таҳлилий тафаккурга эга бўлган ҳолда ҳеч кимга маълум бўлмаган юзага келган муаммоларни ич-ичидан ҳис қиларди.
1986 йилда Ислом Каримовнинг Қашқадарё вилояти партия қўмитаси биринчи котиби лавозимига тайинланиши унинг тақдирида ўзига хос бурилиш ясади. Ислом Абдуғаниевич жуда мураккаб вилоятга юборилган эди. Бутун Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий вазият осон эмасди, Қашқадарё вилоятида эса вазият анча мураккаблашган эди.
У Қашқадарёда қарийб уч йил ишлади. Унинг бош мақсади халқнинг ишончини қозониш, ҳокимиятга нисбатан муносабатини ўзгартириш, вилоятда ишларнинг аҳволини яхшилашдан иборат эди. Ва у буни уддалади. Қарийб 300 км. йўллар, бозорлар, ижтимоий-маданий объектлар қурилди. Ҳозиргача вилоятда одамлар Ислом Абдуғаниевич Каримов ишлаган кунларини мамнуният билан эслайди.
Ислом Каримов қандай лавозимда ишламасин, у, авваламбор, ўз Ватанининг фуқароси бўлиб қолди, халқининг бахтли ва фаровон турмуш кечиришини хоҳлади. Халқ ҳам ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни ҳис қилиб, унга катта ишонч билан қарабгина қолмай, балки ўз йўлбошчисининг ҳақиқий фикрдоши бўлди.
1989 йил 23 июнь куни Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб сайланди ва ўша вақтда фожеали воқеалар рўй берган паллада Ўзбекистон бошқарувини ўз зиммасига олди. Ислом Каримов миллатлараро зиддиятни тўхтатди, фуқаролар уруши оловини ўчирди, юз минглаб, балки миллионлаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолди, республикамизда «хавфсизлик белбоғи»ни шакллантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар таклиф қилди. Ислом Абдуғаниевич Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани яратиш бўйича ташаббусни илгари сурган ва бу борада изчил ҳаракатлар қилган.
Биринчи Президент раҳбарлигида Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси ишлаб чиқилиб, унинг асосини тинчликсеварлик ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, вужудга келадиган зиддиятлар ва низоларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал қилиш ташкил қилади. 2012 йилда ушбу ҳужжат парламентимиз томонидан тасдиқланди.
Мамлакатимизда ғалла ва дон мустақиллигини таъминлаш, кичик ва хусусий бизнес, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, фермерлик ҳаракатининг ривожланиши, дину диёнатимизни, урф-одатларимизни, миллий қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, буюк мутафаккир аждодларимизнинг пок номларини тиклаш, уларнинг бебаҳо меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, мустақилликнинг маънавий асосларини яратиш бевосита Ислом Каримов номи билан узвий боғлиқдир. Халқимиз бу азиз сиймони мустақиллигимиз асосчиси, эл-юрт фаровонлиги учун жонини аямаган жасоратли, қатъиятли, фидойи шахс сифатида доим қалбида сақлайди.
Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА