Ўзбекистон – БАА: ҳамкорликда сезиларли ютуқларга эришилмоқда

Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасида ҳамкорликнинг барча йўналишларида сезиларли ютуқларга эришилмоқда.
Жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда 2,1 баробарга ошган бўлса (518,6 миллион доллар), 2023 йилда бу кўрсаткич қарийб 21 фоизга ўсган (625,9 миллион доллар). БАА иштирокидаги корхоналар сони 300 тага етди.
Бу Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ва БАА Рақобатбардошлик кенгаши раиси, Ҳукумат ишлари вазирининг рақобатбардошлик ва билим алмашинуви бўйича ўринбосари Абдулла Носир Люта учрашувида қайд этилди.
Суҳбат давомида бу борада Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг фаолиятини янада кучайтириш орқали савдо кўрсаткичларини яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон билан БАА ўртасида кўп қиррали алоқаларни, жумладан, савдо-иқтисодий, ижтимоий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ҳамда рақамли технологиялар йўналишларида биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бу йил Ўзбекистонда Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилингани муносабати билан айнан ёшлар билан ишлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди.
Яъни, уларнинг таълим олиши, бандлигини таъминлаш, қатор илғор замонавий соҳаларда ўтказиладиган тадбирларда ёшлар иштирокини кенгайтириш, бир сўз билан айтганда, ёшларнинг ҳар томонлама ривожланишини таъминлашга эътибор қаратилади.
Н.Абдураимова, ЎзА