Бугунги авлод учун ибрат намунаси (+видео)

346

30 январь – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуди куни

Таниқли давлат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг халқимиз олдидаги буюк хизматлари ҳеч қачон унутилмайди. Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов кўчаси ва унда жойлашган Биринчи Президентимиз мақбара-мажмуаси, виқор тўкиб турган ҳайкали ҳамда ушбу кўчага яқин ҳудудда у туғилиб ўсган хонадон ҳамиша зиёрат қилувчилар билан гавжумлиги бежиз эмас. Мазкур кўчада яна бир муҳим объект бор ва у Ислом Каримовнинг ҳаёти, айниқса, ўқувчилик даврининг энг беғубор дамлари ҳақида сўзлайди. Ушбу маскан шаҳардаги 21-умумтаълим мактаби қошида очилган мўъжаз музейдир.

Музейда асосан Ислом Каримов ҳаётига оид суратлар ўрин олган. Биринчи Президентимизнинг болалик, ўсмирлик чоғлари муҳрланган бу суратлар бугунги авлод учун ўзига хос ибрат намунасидир.

Оддий ўқувчи – ўқиш ва тўгаракларда фаол, илғорлар сафида. Масъулиятни ҳис этган ҳолда ўқиш, изланишдан, меҳнатдан қочмаган ўша ўқувчи вақт келиб мамлакат раҳбарига айланди. Бу ёш авлод ибрат олса арзигулик ҳаёт йўли. Шу боис мактаб ўқувчилари тез-тез бу музейга ташриф буюриб, мустақиллигимиз асосчиси ҳаёт йўли, ўқувчилик даврлари билан танишиб боради.

Шунингдек, музейда мактаб ҳаётига оид муҳим манбалар ўрин олган. Бу ҳам ўқувчиларга ўтмишдаги таълим жараёнлари билан бугунги даврни таққослаган ҳолда тўғри хулоса чиқаришига туртки беради.

Алишер ИСРОИЛОВ (сурат, видео), ЎзА