Ўзбекистоннинг Дубайдаги янги бош консули тайинланди

234

Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги – “WAM” Камол Икромов Ўзбекистоннинг Дубайдаги бош консули этиб тайинлангани тўғрисидаги хабарни эълон қилди.

БАА Ташқи ишлар вазирлиги Дубай бўлими директори Шайх Мактум бин Буттий Ол Мактум дипломатимизнинг консуллик патентини қабул қилиб олди.

Мақолада мулозим ва консул икки томонлама муносабатнинг жорий ҳолати, алоқаларни янада ривожлантириш истиқболини муҳокама қилгани,  иқтисодиёт, савдо, сармоя, юқори технологиялар, инновация, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, туризм, фан ва маданият соҳаларидаги шериклик кўламини янада кенгайтириш хусусида фикр алмашилгани таъкидланган.

Томонлар Ўзбекистон ва БАА фуқароларини ўзаро виза талабидан озод қилиш тўғрисида битим имзоланиши сўнгги йилларда икки давлат эришган ўзаро англашувнинг юксак даражаси тасдиғи, ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилиш эса умумий манфаатдорлик белгиси эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, 44 ёшли Камол Икромов 2018-2023 йилларда мамлакатимизнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош консули бўлиб ишлаган. У Дубайдаги бош консуллигимизга 2019-2024 йиллар мобайнида раҳбарлик қилган Алишер Саломов ўрнига тайинланди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА