Психотроп моддалар рекламаси учун жавобгарлик кучайтирилади

283

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар инсон саломатлигига жуда катта салбий таъсир кўрсатиши барчамизга кундай аён. Аммо бу каби моддаларни истеъмол қилиш ёхуд олди-сотдиси, рекламаси билан шуғулланиш ҳолатлари камаяётгани йўқ.

Гиёҳвандлик воситаларини интернет ёки оммавий ахборот воситаларида реклама қилганлик учун жавобгарлик белгиланмагани боис бу каби ҳолатлар кўпайиб бормоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, шунингдек, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаласига қарши курашишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Шу билан бирга, бу каби воситалар, таркибида кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда тарғиб қилувчи материалларни тарқатганлик ёки реклама қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Экофракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни тарғиб ёки реклама қилинишини, уларнинг қонунга хилоф муомаласининг олдини олишга хизмат қилишини таъкидлади. Бу эса аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига зарар етказадиган бу турдаги моддаларнинг эркин айланмасига чек қўяди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА