Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ис газидан заҳарланиш каби ҳолатларнинг олдини олишга бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.
Нукус шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими мутахассислари томонидан талаба-ёшларга табиий газдан ва электр ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш бўйича кенг тушунча берилди.
Таъкидланганидек, қиш мавсумида аҳоли орасида иссиқликка бўлган эҳтиёж ва талаб янада ортади. Бунинг натижасида хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола ва ностандарт газ мосламаларидан фойдаланиш, газ коммуникацияларига резина шланглар орқали уланиш, мўриларнинг носозлиги ҳолатлари учрайди. Бу эса салбий оқибатларни келтириб чикариши ва ис газидан заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин.
Мутахассислар томонидан махсус ёнғин-қутқарув автомобили ва техникалари ёрдамида ижарада ва кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган талаба-ёшларга табиий газдан тўғри фойдаланиш, ёнғин ва ис газидан заҳарланиш каби ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири