Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Маданият саройида O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Депутат ва ёшлар” мавзусида учрашув ташкил қилинди.

Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда асосан қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар,  “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги 5 та устувор йўналиш ва 100 та мақсадни мазмун-моҳияти, айниқса, олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлашга қаратилаётгани қайд этилди. Шунингдек, ёш тадқиқотчиларнинг улушини ошириш, барча йўналишларда инновацион фаолиятни кенг жорий этиш, илмий тадқиқотларни ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йиллари мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби кенг кўламли ишлар замирида авваламбор, ёш авлодни жамият ҳаётида сиёсий жиҳатдан фаол, ўз фикрини эркин ифода эта оладиган,  ҳуқуқий маданияти юксак фуқаро сифатида тарбиялаш, шу орқали фуқаролик жамиятини янада шакллантириш ва юксалтириш мужассам. Жорий йил Президентимиз томонидан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланди. Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлод вакилларининг интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларни тадбиркорлик соҳасига кенгроқ жалб этишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида аҳамият берилади.

Бугунги кунда юртимизда ёшларнинг илм-фан, юқори технологияларни мукаммал эгаллашлари учун барча имкониятлар яратилган. Ёшлар бандлигини таъминлашда, уларнинг иқтисодий мустақилликка эришиши ва ҳаётда ўз ўринларини топишида кичик бизнес ҳамда тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши энг асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Депутатлар билан жонли мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири.