ЕТТБ: Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида етакчи ислоҳотчи сифатида тан олинган

273

Хабар берганимиздек, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Лондондаги бош қароргоҳида “Янги Ўзбекистон: тараққиёт учун янги имкониятлар ва ижтимоий шериклик” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Форумда Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева иштирок этиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш борасида туб ўзгаришлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлади.

– Бугун ўзбекистонлик тадбиркорлар жаҳон бозорларига ишонч билан қадам қўймоқда, – деди Т.Норбоева. – Бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди, гендер тенгликни таъминлашда амалий натижаларга эришилди. Буларнинг барчаси жаҳон ҳамжамиятининг муносиб эътирофига сазовор бўлмоқда. Қўйилаётган юксак мақсадларга эришишда халқаро ҳамкорларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўлидаги стратегик ҳамкорига айланди.

– Ўзбекистон бутун Марказий Осиё минтақасида етакчи ислоҳотчи сифатида тан олинган, – деди ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассобу. – Бу борада Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда давом этамиз ва мен 2024 йилда ва ундан кейинги йилларда ҳам кучли ҳамкорлигимиздан умидворман.

Форум доирасида Ўзбекистон тадбиркор аёллари ва ҳунармандларининг “Шарқ бозори” хайрия кўргазма-ярмаркаси ҳамда таниқли фотограф Муҳиддин Алининг юртимиз олимлари, шифокорлари, ўқитувчилари, ижодкорлари, спортчилари, ҳунарманд ва бошқа аёллари портретларидан иборат “Ўзбекистон аёллари ҳаётида бир кун” ижодий фотокўргазмаси ташкил этилди.

***  

Ташриф доирасида Сенати Раиси Танзила Норбоева Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди.

Ўтган йили май ойида Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32 йиллик йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани, тадбир кенг муҳокамалар ўтказиш ва жаҳон иқтисодиётини барқарор ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим майдонга айлангани мамнуният билан қайд этилди.

Таъкидлаш жоиз, ўтган 6 йил давомида Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалар портфели 4 миллиард евродан ошмоқда.

Ўзбекистон банкнинг бешта асосий ҳамкори қаторидан жой олди, йиллик инвестициялар ҳажми бўйича мамлакатимиз ЕТТБнинг Марказий Осиёдаги энг йирик бизнес шеригига айланди.

О.Рено-Бассо ЕТТБнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган мамлакатимизга оид стратегияси Ўзбекистон-2030 стратегиясига тўлиқ мос келиши, унда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган иқтисодиётни яшиллаштириш, инклюзивлик ва гендер тенглиги ва рақамлаштириш каби устувор йўналишлар акс этганини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида Ўзаро англашув мeморандуми имзоланди.

***  

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация Буюк Британия Жамоатлар палатаси Спикери Линдсли Хойл билан ҳам учрашув ўтказди.

Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатларининг кенг доираси, хусусан, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, меҳнат муносабатлари, гендер тенглиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назорати йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш, икки мамлакат қонун чиқарувчилари ўртасида амалий алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорликка оид масалаларда “Ўзбекистон – Буюк Британия” дўстлик гуруҳи имкониятларидан кенг фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.

***

Шунингдек, Буюк Британияга амалий ташрифи доирасида Сенат Раиси бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашди.

Суҳбат чоғида иштирокчилар ўзларининг эришган ютуқлари ва режалари, жумладан, ЕТТБнинг мамлакатимизга оид дастури фаолиятини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган бошқа лойиҳалар билан ўртоқлашди.

Дўстона ва самимий кечган учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар ва тадбирлар ҳақидаги янгиликлар муҳокама қилинди.

Учрашув жараёнида мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳалари бўйича фикр алмашилди ҳамда тараққиётга туртки бўладиган таклифлар билдирилди. Ватандошларимиз юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканликларини таъкидлади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА