Бугун, 29 январь куни бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Тошкент вилоятидаги “Янгиобод” ўқув базасидаги машғулотларни якунлаб, «Париж-2024» Олимпиадасига тайёргарликнинг муҳим мусобақаларидан бирида иштирок этиш учун Испанияга йўл олди.
Испаниянинг Ла Нусия шаҳрида ўтказиладиган “Boxam“ халқаро турнирида юртимиз шарафини Руслан Абдуллаев, Мужибилло Турсунов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Ҳавасбек Асадуллаев, Тўрабек Ҳабибуллаев, Жасурбек Йўлдошев, Лазизбек Муллажонов ва Шоҳжаҳон Абдуллаев ҳимоя қилади.
Терма жамоа бош мураббийи Тўлқин Қиличевнинг билдиришича, айнан ушбу турнир жорий йилнинг 4-11 март кунлари Италияда «Париж-2024» Олимпия ўйинларига йўлланма тақдим этадиган мусобақа олдидан сўнгги турнир ҳисобланади.
“Boxam“ халқаро турнири жанглари 30 январь-4 февраль кунлари бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатидан боксчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугунгача юртимиз боксчиларидан Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов ва Абдумалик Халаков «Париж-2024» Олимпиадасининг йўлланмаларини қўлга киритган.
Т. Рўзиев, ЎзА