Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси ташкил этилади.

Лойиҳа офиси қуйидаги устувор йўналишларда янги механизмларни жорий қилишга масъул этиб белгиланади:

давлат тиббий суғуртаси тизимини ва давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш;

кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббий таълим тизими ва илм-фан соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, тиббиёт ходимларини уларнинг меҳнати натижаларидан келиб чиқиб муносиб рағбатлантириш механизмларини жорий этиш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш ва соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш, тиббиёт муассасаларининг аккредитация қилинишини таъминлаш, уларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва жавобгарлигини ошириш;

тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини такомиллаштириш;

инфаркт, инсульт, шикастланиш ва жарроҳлик амалиётларидан сўнг ҳамда суяк-мушак тизими касалликлари мавжуд бўлган беморларни тиббий реабилитация қилиш тизимини йўлга қўйиш;

«Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашиш;

давлат харидлари самараси ва шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилиш;

санитария қоида ва нормаларини замонавий талаблар асосида янгилаш.

Қарор билан Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ҳам тасдиқланди.

ЎзА