Бугун, 28 январдан эътиборан Қатар футбол майдонларида ўтказилаётган Осиё кубоги мусобақасининг 1/8 финал баҳслари бошланади.
1/8 финал баҳсининг илк кунги ўйинида Австралия – Индонезия ва Тожикистон – БАА жамоалари майдонга тушишади.
Қитъа кубоги 1/8 финал босқичи жуфтликлари орасида биз учун эътиборлиси, 30 январь куни ўтказиладиган Ўзбекистон – Таиланд терма жамоалари ўртасидаги “дуэл”, албатта.
Қатар яшил майдонларида кечаётган мазкур нуфузли мусобақада миллий терма жамоамиз ғолиблик учун кураш олиб бораётган бўлса, юртимиз футбол ҳакамларининг ўйинларни бошқаришда иштирок этаётгани ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.
Илгиз Танташев бош ҳакам, Андрей Сапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдамчи ҳакам сифатида 30 январь куни Осиё кубогининг 1/8 финал босқичида ўтадиган Саудия Арабистони – Жанубий Корея баҳсини бошқариб боради. Ўзбекистон – Таиланд ўйинини бошқариб борадиган ҳакамлар хусусида тўхталадиган бўлсак, ушбу ўйинда бош ҳакам сифатида малайзиялик Муҳаммад Назми бин Насаруддин ҳаракатланса, ҳамюртлари Муҳаммад Заирул ҳамда Ариф Шамил қанотларда иш олиб боради. Захира ҳакамлигига эса уммонлик Аҳмад Абу Бакар Саид ал-Каф белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Осиё кубоги 1/8 финал ўйинлари 31 январга қадар давом этади. 1/4 финал ўйинлари 2-3 февраль, 1/2 финаллар 6-7 февраль ва финал учрашуви 10 февраль куни ташкил этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА