Россиянинг Красноярск шаҳрида Олимпия ўйинларининг икки карра ғолиби Иван Яригин хотирасига бағишланган халқаро турнирнинг дастлабки совриндорлари аниқланди.

Эркин ва аёллар кураши бўйича ўтказилаётган халқаро турнирнинг 23 мамлакатдан 380 нафарга яқин спортчиси иштирок этаётган беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Кеча якунланган дастлабки кунги мусобақаларда мамлакатимиз терма жамоаси аъзоларидан Ғуломжон Абдуллаев 65 килограммда, Сардор Рўзимов 61 килограммда халқаро турнирнинг бронза медалларини қўлга киритди.

Бугун, 27 январь куни ўтадиган беллашувларда терма жамоамиз аъзоларидан Токио Олимпиадаси совриндори Бекзод Абдураҳмонов 74 килограммда, Магомед Ибрагимов 97 кило оғирликдаги баҳсларда юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Анъанавий тарзда кўп йиллардан бери ўтказиб келинаётган мазкур халқаро турнирда 40 дан зиёд Олимпия ўйинларининг ғолиблари иштирок этган.

Бу галги мусобақалар 28 январга қадар давом этади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА