Бугун Финляндияда мамлакат раҳбарлиги учун сайлов ўтказиляпти.

Республика Адлия вазирлиги хабар беришича, маҳаллий вақт билан соат 09:00 да 900 дан ортиқ сайлов участкаси очилган. Сўров натижасига кўра, президентлик учун кураш депутат, собиқ ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто ва ҳукуматнинг собиқ раҳбари, профессор Александр Стубб ўртасида кечиши тахмин қилинмоқда.

Резидентлар 20:00 (Хельсинки вақти Тошкентдан 3 соат орқада – таҳририят)гача овоз беришда иштирок этишлари мумкин. Сайлов участкалари ёпилгач, Адлия вазирлиги дарҳол дастлабки натижаларни эълон қилади.

Муддатидан олдин овоз бериш жараёни (17-23 январь)да рекорд даражадаги 44,7 фоиз аҳоли ўз танловини билдирган. Айни кўрсаткич олти йил олдинги президентлик сайловида  36,7 фоизни ташкил этган эди.

Социологлар башоратига кўра, бугун номзодларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг ярмидан кўп овозини ололмайди ва шу сабабли 11 февраль куни иккинчи тур ўтказилиши мумкин.