Жорий йилнинг 1 февраль куни Тошкентда учинчи бор ходимлар ва компанияларни самарали бошқариш бўйича экспертлар ҳамда амалиётчилар жам бўлади.

Форум Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Россия бошқарув раҳбарлари учун янги йилнинг илк кенг кўламдаги бизнес тадбири бўлади.

Унда трансформация ва ўзгаришларни бошқариш, инновациялар ва корпоратив маданият, экспатлар ва маҳаллий жамоаларнинг ўзаро ҳамкорлиги, оилавий компанияларда корпоратив бошқарув, стартаплар ва венчур инвестициялар, жамоа маблағларини бошқариш каби ҳар бир раҳбар учун долзарб бўлган масалалар муҳокама қилинади.

Унда Европа коучинг ассоциацияси вице-президенти, фан доктори Вернер Реген (Германия), 40 йиллик тажрибага эга маслаҳатчи, 15 бизнес бестселлери муаллифи Леонид Кроль (Италия), фан доктори, М.В.Ломоносов номидаги МДУ хизмат кўрсатган профессори Тоҳир Бозоров (Россия) ва бошқалар асосий маърузачилар сифатида иштирок этади.

Тадбир иштирокчилари бошқарувнинг янги ёндашувлари ва воситалари ҳақидаги билимларга эга бўлиши, профессионал алоқалар тармоғини кенгайтириши, илғор технологиялар билан танишиши ва ходимларни бошқариш билан боғлиқ инновацион усулларни ўрганиши мумкин бўлади.

Форумга йирик ва ўрта бизнес эгалари ва раҳбарлари, HRD ва HR департаменти ходимлари, функционал бўлимлар етакчилари, корпоратив университетлар ва ўқув марказлари директорлари, корпоратив маданият, коммуникациялар ва ташкилий ривожланиш йўналишлари раҳбарлари таклиф этилган.

Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА